У ўз сўзи ва овозига эга, моҳир журналист эди
Эл-юрт дарди билан яшаган инсонлар ҳаётдан кетса ҳам, номи диллардан кетмайди, хотираларда мангу яшаб қолади. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси, ўз сўзи ва овозига эга, таниқли журналист Муқумбой Исмоилов ана шундай инсонлардан эди. У ҳақида гапирганинг сайин у йироқлашмайди, аксинча, янада яқинлашиб келаверади.

Муқумбой билан ўн йилча бирга ишладик. Шу йиллар давомида бир нарсани англадим: у журналистика билан шуғулланмади — у журналистикада яшади.
“Адолат”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Жиззах ҳақиқати”, “Ишонч” газеталари, кейин эса интернет даври келганда “Жиззах овози” ва “Shiddat.uz”… Бу номлар унинг фақат иш жойи эмас, балки унинг ҳаёт тарзи эди.
Лекин Муқумбойни тўла тушуниш учун бу рўйхат етарли эмас.
Унинг энг катта мавзуси — одам эди.
У ҳар қандай масалани қоғозга эмас, инсон юзи, дард, ташвишларига қараб ҳал қиларди. Шунинг учун ҳам унинг сўзлари қуруқ эмас, тирик, жарангдор, залворли эди.
Бир воқеа ҳануз эсимда.
Россияда ишлаб юрган укасининг бошига оғир мусибат тушганда, у ҳаммасини ташлаб, ўша ёққа кетганди. Тоғ бўлиб укасининг ёнида турганди.

У одамни оғир аҳволда ташлаб кетолмасди. Унинг қалбида яна бир улуғ орзу бор эди: “Ижодкорлар боғи” ни яратиш. Бу балки унинг бир умрлик орзуси эди. У яралмиш боғда журналистларнинг орзу, ўйлари, интилишларини, бир сўз билан айтганда, жўшқин ҳаёти ва ижодларини мужассам этмоқчи бўлганди. Ўтганларнинг хотираси, заҳматли меҳнатларининг изини қолдирмоқчи эди. Балки энди бу боғни яратишни унинг дўстлари ўз зиммасига олар.
Вафотидан бир кун олдин ўзининг бу режаларини менга гапириб берганди…
Афсус… баъзан ажал орзу, режаларнинг амалга ошишини кутиб турмаскан.
У Матбуот кунига саноқли кунлар қолганда оламдан ўтди. Бир неча кундан кейин уйларида тўй бўлиши, оилада янги қувончлар кутилаётган эди.

Лекин у қолдирган муҳит қолди. Давра жонланадиган, одамлар ўзини эркин ҳис қиладиган, кулги табиий чиқадиган муҳит.
Инсон умри йиллар билан эмас, қолдирган изи билан ўлчанади дейишади. Муқумбой Исмоилов ҳам одамлар, дўстлари қалбида ўзига хос, ўчмайдиган из қолдириб кетди.
Саид Донишев, журналист
ЎзА