Тошкентда ижтимоий хизматлар ривожлантирилмоқда
Тошкент шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдим этилди.
Ўрганишлар давомида протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси, янги ташкил этилиши режалаштирилаётган ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган янги ижтимоий хизматлар билан танишилди.
Дастлабки манзил “Ортонова” МЧЖ билан ҳамкорликда фаолият юритаётган протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ва мослаштириш маркази бўлди. Мазкур корхонада ҳар йили 1000 дан ортиқ протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 50 нафардан зиёд эҳтиёжманд фуқарога тайёр маҳсулотларни мослаштириш хизматлари кўрсатилмоқда.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилиши режалаштирилаётган Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази лойиҳаси билан ҳам танишилди. Янги марказ пойтахтдаги Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларидаги 13 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатиши, ҳар йили қўшимча икки мингдан ортиқ фуқарони ижтимоий хизматлар билан қамраб олиши кутилмоқда.
Бундан ташқари Чилонзор туманида ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, ақлий ривожланишида нуқсонлари ёки деменция ташхиси қўйилган фуқаролар учун ташкил этилиши режалаштирилаётган янги хизматлар тақдимоти кўриб чиқилди.
Лойиҳа доирасида ривожланишида нуқсонлари бўлган 1-3 ёшли болалар учун “Эрта аралашув” хизмати ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни кундалик ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган “Янги кун” хизматини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, бундай ташаббуслар ижтимоий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, уларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА