Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар парламент назоратидан ўтказилди
Давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, халқ ишончини мустаҳкамлаш, коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва уларга барҳам бериш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Президентимиз илгари сураётган халқпарвар ва адолатли давлат барпо этиш ғояси ҳам, аввало, давлат органлари фаолиятида қонунийлик, ҳалоллик ва ҳисобдорликни қарор топтиришни тақозо этади.
Айни шу вазифалар ижроси юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари З. Бекатова ва М. Тошова Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида бўлиб, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ҳамда давлат ташкилотлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганишлар давомида давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, хизмат кўрсатиш жараёнларида инсон омилини қисқартириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ҳамда замонавий рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ғиждувон деҳқон бозорида савдо жараёнларини рақамлаштириш, электрон тўлов тизимини кенг жорий этиш ва маиший коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Бу ерда ташкил этилган Ситуацион таҳлил маркази фаолияти билан танишув чоғида видеокузатув тизими, электрон ҳисоб-китоблар ҳамда тезкор хизматлар билан ҳамкорлик механизмларининг самарадорлиги таҳлил қилинди.

Зеро, бозорларда ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклга ўтказилиши, савдо жараёнларининг рақамли назоратга олиниши нафақат тадбиркорлар учун қулайлик яратади, балки турли суиистеъмолчиликлар ва яширин тўловларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўрганиш жараёнида тадбиркорлар ва ходимлар билан мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.
Туман ҳокимлигида ўтказилган таҳлилларда эса коррупциядан холи ҳудудни шакллантириш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди. Айниқса, аҳоли саломатлиги ва ижтимоий манфаатлар билан бевосита боғлиқ бўлган соғлиқни сақлаш тизимида шаффофликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Тиббий воситалар ва буюмларни харид қилишда очиқликка риоя этиш, электрон давлат харидлари жараёнида қонунчилик талабларини бажариш, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳолати ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш фақат қонунбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланмаслиги керак. Энг муҳими, унинг илдиз отишига имкон берадиган шароитларни бартараф этиш, ҳар бир жараёнда очиқликни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдир. Шу маънода, рақамлаштириш, жамоатчилик назорати ва парламент мониторинги ўзаро уйғунликда ишлаши кутилган натижага эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва иш самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Ўрганиш натижалари парламент назорати доирасида умумлаштирилиб, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни мустаҳкамлаш, тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган кейинги чора-тадбирларда инобатга олинади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири