Кўмир таркибидаги қимматбаҳо элементлар бўйича тадқиқотлар кенгайтирилмоқда
Геология фанлари университетида “Энергетика ва рақамли трансформациялар учун металлар: ресурслардан металларгача” мавзусида халқаро илмий семинар ташкил этилди.
Унда ГФУ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, талабалар ҳамда Франция геологик хизмати (BRGM) ва Лотарингия университети вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасида геология соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда академик алмашинув дастурларини фаоллаштириш масалалари алоҳида қайд этилди.
Томонлар фикрига кўра, ушбу йўналишлар нафақат илмий салоҳиятни ошириш, балки замонавий технологиялар трансфери, кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш ва геология соҳасида халқаро интеграцияни кучайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Франциялик олимлар: А.Гуезеннеc ва Р.Мишелс ўз маърузаларида замонавий геология фанининг ривожланиш тенденциялари, стратегик аҳамиятга эга бўлган хомашё ресурсларини ўрганиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш йўлларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, улар саноат учун муҳим бўлган металларни аниқлаш ва қайта ишлашда инновацион ёндашувларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратди.
Семинарда критик хомашёлар, рудаларни қайта ишлаш технологиялари, қазилма органик моддаларнинг табиати ҳамда уларнинг металл конлари шаклланишидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, геологик жараёнларнинг экологик таъсири, хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Илмий муҳокамаларда алоҳида эътибор кўмир таркибида учрайдиган германий каби қимматбаҳо элементларни ўрганишга қаратилди. Мутахассислар таъкидлаганидек, ушбу йўналишдаги тадқиқотларни кенгайтириш замонавий энергетика ва юқори технологиялар саноати учун янги имкониятлар очиши мумкин.
Тадбир якунида геология соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА