Келгуси ҳосилга замин яратилмоқда
Шўрланган ерда мўл ҳосил етиштириш осон эмас. Тупроқда тўпланган ортиқча тузлар экиннинг ўсишига тўсқинлик қилиб, ҳосилдорликни пасайтиради. Шу боис келгуси йил ҳосилига бугундан замин яратиш, аввало, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва шўр ювиш ишларини ўз вақтида, агротехник талаблар асосида ташкил этишдан бошланади.
Ана шу мақсадда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги «Ҳасанбой Ҳусанбой» фермер хўжалигида 2027 йил ҳосили учун ер майдонларини шўр ювишга тайёрлаш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди. Унда фермерлар ва соҳа масъуллари иштирокида тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда шўр ювиш тадбирларини агротехник талаблар асосида амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Туман ҳокими ўринбосари Зафаржон Холиқбердиев бошчилигида ўтган семинарда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, шўр ювиш ишларини белгиланган меъёр ва муддатларда сифатли бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тупроқ таркибида туз миқдорининг ортиши экинларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Тузлар ўсимлик илдизининг сув ва озуқа моддаларини ўзлаштиришини қийинлаштиради, натижада ҳосилдорлик пасайиши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, Сирдарё вилояти шароитида алоҳида эътибор талаб этади.

— Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш, аввало, ернинг ҳолатини яхши билиш, унинг унумдорлигини сақлаш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажаришга боғлиқ. Айниқса, шўрланган майдонларда шўр ювиш ишларини тўғри ташкил этиш келгуси ҳосил тақдирида муҳим ўрин тутади. Бугунги амалий семинарнинг аҳамияти ҳам шундаки, унда фермерлар ва соҳа масъуллари ўзаро тажриба алмашиб, шўр ювишнинг самарали усуллари, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва ишларни белгиланган агротехник талаблар асосида олиб бориш масалаларини муҳокама қилдилар. Бундай амалий учрашувлар фермерларнинг билим ва кўникмаларини бойитиб, мавсумга пухта тайёргарлик кўришга ёрдам беради, — дейди Боёвут туман фермерлар кенгаши раиси Барно Холмуҳаммедова.

Шўр ювиш тупроқ таркибидаги ортиқча тузларни сув ёрдамида пастки қатламларга силжитиш ва дренаж тизими орқали чиқариб юборишга қаратилган муҳим мелиоратив тадбирдир. Уни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш келгуси экин мавсуми учун қулай тупроқ шароитини яратишга хизмат қилади.
Белгиланган режага кўра, 2027 йил ҳосили учун Боёвут туманида жами 5 минг 500 гектар майдонда шўр ювиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шундан 3 минг 989 гектари кам, 1 минг 511 гектари эса ўртача шўрланган ерлар ҳисобланади. Мазкур майдонларнинг 1 минг 200 гектарида пол усулида, 4 минг 300 гектарида эса жўяклар орқали шўр ювиш режалаштирилган.
Шўр ювиш усулини танлашда ернинг мелиоратив ҳолати, тупроқ хусусиятлари ва сув таъминотини ҳисобга олиш муҳим. Сувни меъёридан ортиқ сарфламаслик, уни майдон бўйлаб бир текис тақсимлаш ҳамда ювилган тузларнинг дренаж тизими орқали чиқиб кетиши учун зарур шароит яратиш ишлар самарадорлигини таъминлайди.

Семинар якунида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, шўр ювиш тадбирларини белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, ерга бугун кўрсатилган эътибор эртанги ҳосилда ўз самарасини беради. Шўр ювиш ишларини илмий асосланган агротехник талаблар асосида ташкил этиш тупроқ унумдорлигини сақлаш, сувдан самарали фойдаланиш ва келгуси йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратишнинг муҳим шартларидан биридир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири