26 та ёдгорлик зарар кўрди - Маданий мерос агентлиги
Ўзбекистонда ўнлаб археологик ёдгорликлар жиддий хавф остида. Маданий мерос объектларига ноқонуний тажовузлар оқибатида зарар етказилиб, муҳофаза ҳудудларида қурилишлар аниқланди.
Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда 26 та археология ёдгорлигига зарар етказилган, яна 48 та ёдгорликнинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний қурилишлар амалга оширилган. Зарар етказилган бинолар қимматли тарихий меросимиз бўлиб, кимларнингдир бепарволиги, манфаати ёки қонунбузарлиги туфайли йўқолиб бормоқда.
Прокуратура органлари ва Маданий мерос агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида маълум бўлишича, Андижондаги милоддан аввалги XII–VII асрларга оид “Далварзин” археология ёдгорлиги ҳудудида мевали боғ ва экин майдони ташкил этилган, ҳатто бетон ғишт ишлаб чиқариш цехи ҳам қурилган. Самарқанддаги “Таллиғулонтепа” ёдгорлигининг 195 куб метр қисми оғир техника ёрдамида бузиб ташланган.
Шаҳрисабздаги “Сариқтепа” ёдгорлиги муҳофаза ҳудудида эса учта уй ўзбошимчалик билан қурилган. Республика бўйича 48 та ёдгорликлар муҳофаза ҳудудида уй-жой, ҳатто ҳожатхоналар “бўй чўзган”. Ўрганишлар натижасида 8 та жиноят иши қўзғатилган, 68 та тақдимнома киритилган. 20 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, ёдгорликларга қарийб 300 та муҳофаза белгиси ўрнатилиши таъминланган.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, археология ёдгорликларига зарар етказиш оғир жиноят ҳисобланиб, айбдорларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА