Экополиция ходимларига қаршилик кўрсатилди
Табиат бойликларини асраб-авайлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва экологик қонунбузарликларга муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик сиёсатнинг муҳим йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ноёб табиий ҳудудлар ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, экологик назоратни кучайтириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ айрим фуқароларнинг табиатга нисбатан масъулиятсиз муносабати, белгиланган тақиқ ва талабларга риоя этмаслиги бу борадаги саъй-ҳаракатларга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Қорақир массивида жойлашган муҳофаза этиладиган ҳудудда Экологик полиция ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида ноқонуний ов ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, Пешку туманида яшовчи беш нафар фуқаро муҳофаза этиладиган ҳудудда тақиқланган тунги ёритиш мосламасидан фойдаланиб, ов қуроли ёрдамида ноқонуний ов билан шуғулланган. Натижада улар томонидан 13 бош қуён овлангани маълум бўлган.
Ҳолатни аниқлаш ва қонунбузарликка чек қўйиш жараёнида экополиция ходимлари ҳаракатланиб келаётган “УАЗ” русумли автомашинани текшириш учун тўхтатган. Бироқ автомашинада бўлган фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган. Бу жараёнда экополиция ходимларига тан жароҳатлари етказилган.
Жабрланган ходимлардан бирига зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у шифохонага ётқизилган. Воқеа жойига туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам жалб этилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қонуний баҳо берилиб, текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши билдирилган.
Таъкидлаш лозимки, Қорақир каби муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар нафақат бугунги авлод, балки келажак авлодлар учун ҳам бебаҳо экологик бойлик ҳисобланади. Улардаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш, табиий мувозанатни сақлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи ва масъулиятидир.
Айниқса, ноқонуний овчиликка йўл қўймаслик, табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонуний талабларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим. Зеро, табиатга етказилган зарар фақат бугунги кун билан чекланмайди, унинг салбий оқибатлари келгуси авлодлар ҳаётида ҳам намоён бўлиши мумкин.
Қонун талабларига бўйсунмаслик ва давлат хизматчиларининг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатишга эса ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасида баҳо берилиши лозим.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири