Жиззахда кибержиноятлар 11 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирди
Жиззах вилоятида 112 та давлат идораси раҳбари ходимларнинг киберсаводхонлиги учун шахсан масъул этиб белгиланди. Вилоятда йил бошидан буён кибержиноятлар оқибатида фуқароларга 11 миллиард 384 миллион сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтган танқидий йиғилишда маълум қилинди.
Интернет фирибгарлиги фуқароларнинг маблағи ва шахсий маълумотларига таҳдид солмоқда. Жиззахдаги мурожаатлар ва етказилган зарар миқдори профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, давлат ташкилотларидаги масъулиятсизлик ва аҳоли хабардорлигининг пастлиги жиддий ташвиш уйғотади.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда кибержиноятларга қарши курашиш масаласи кўриб чиқилди. Унда масъул идоралар фаолиятидаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокимининг 2026 йил 31 январдаги қарори билан 112 та идорага тегишли масъулият юклаган.
Уларнинг вазифаси ходимларнинг киберсаводхонлигини ошириш ва интернет фирибгарлигидан ҳимоялашдан иборат. Бироқ айрим раҳбарлар қарор ижросига етарлича эътибор қаратмаяпти. Тарғибот ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилмаган.

Бу бепарволикнинг оқибати статистик кўрсаткичларда ҳам намоён бўлмоқда. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида кибержиноятлар бўйича 2 минг 411 та мурожаат келиб тушган бўлиб, фуқароларга 11 миллиард 384 миллион сўм моддий зарар етказилган.
Мурожаатларнинг энг кўпи Жиззах шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда 606 та ҳолат қайд этилган. Шароф Рашидов туманида 482 та мурожаат келиб тушган. Зоминда 230, Бахмалда 187 ва Ғаллаоролда 183 та ҳолат кузатилган.
Вилоят ҳокими тиббиёт ва таълим тизимидаги камчиликларни танқид қилиб, масъулларни кенг қамровли профилактика ишларига жалб этиш бўйича кўрсатма берди. “Маҳалла еттилиги” орқали аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш вазифаси ҳам белгиланди.

Муаммонинг яна бир ташвишли жиҳати жабрланувчилар таркиби билан боғлиқ. Ўн ой давомида 924 нафар хотин-қиз кибержиноятлардан жабр кўрган. Уларнинг 427 нафари уй бекаларидир. Бу ҳолат аҳолига, айниқса, хотин-қизларга манзилли тушунтириш зарурлигини кўрсатади.
Йиғилишда давлат ташкилотлари ва банк тизими ходимлари иштирокидаги жиноятлар ҳам муҳокама қилинди. Шароф Рашидов туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими нафақахўрнинг 1 миллион 950 минг сўм маблағини ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Жиззах шаҳрида банк ходими фуқаро номига рухсатсиз 17 миллион сўмлик кредит расмийлаштириб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлагани аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокими бундай ҳолатлар ташкилотларда ички назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатишини таъкидлади. Масъул ходимлар нафақат тарғибот, балки хизмат интизоми учун ҳам жавоб бериши лозим.
Муҳокамада киберхавфсизликка хизмат қилувчи дастурий воситалар имкониятларидан фойдаланиш масаласи ҳам кўтарилди. “APK Qöriqçi”, “Jizzaxkibermaslahatbot”, “Xumogram”, “JAK” ва “Jizzaxkibertest” иловаларини аҳолига кенг таништириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида 112 та идора ва ташкилот раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Масъул ходимлар беш кун муддатда киберхавфсизлик бўйича ўқитилиши белгиланди. Қуйи тизимларда “Киберхавфсизлик соати” тадбирлари ташкил этилади. Ўқувлар якунида ходимлар махсус тест синовларидан ўтказилади.

Вилоят ҳокими ташкилот раҳбарларини ходимларнинг киберсаводхонлиги учун шахсан масъул этиб белгилади. “Маҳалла еттилиги”га аҳоли ўртасида профилактик ишларни кучайтириш топширилди. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар ўн кунда ахборот киритиш вазифаси юклатилди.
Энг муҳими, кибержиноятларга қарши кураш фақат тушунтириш билан чекланмаслиги керак. Ҳар бир ташкилотда амалий назорат ва шахсий масъулият таъминланиши шарт. Акс ҳолда, рақамли хавфсизлик борасидаги вазифалар қоғозда қолиб кетади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири