Бухоронинг бой мероси музей экспонатларида
Бухоро давлат музей-қўриқхонасида халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва турмуш тарзидан сўзловчи 140 мингдан зиёд экспонат сақланмоқда. Бу ерда тарихий ашёларни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва кенг жамоатчиликка таништириш бўйича изчил иш олиб бориляпти.
1922 йилда ташкил этилган муассаса 1983 йилдан музей-қўриқхона мақомида фаолият юритиб келмоқда. Бугун унинг таркибида 16 та музей филиали ва 2 та музей кўргазмаси мавжуд. Уларда Бухоронинг кўп асрлик тарихи ва маданий мероси акс этган.
Музей фондларини бойитиш, экспонатларни илмий тавсифлаш ва сақлаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда фондларда 138 минг 689 та экспонат мавжуд бўлган бўлса, 2026 йил сентябрь ҳолатига кўра, уларнинг сони 140 минг 895 тага етган.
Фондларни тўлдириш ишлари доирасида божхона органлари орқали, илмий йиғув ишлари, фуқароларнинг беғараз туҳфалари ва харидлар ҳисобидан 337 та тарихий ашё қабул қилинган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 17 та экспонат реставрация қилиниб, 165 таси консервациядан ўтказилган.
Музей-қўриқхона халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этмоқда. Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилган «Сарой ётоқларини кашф этиб» кўргазмасида музей фондларидан 47 та ноёб ашё намойиш этилди. Улар орасида амирлик даврига оид зарбоф тўнлар, салла, зардўзи пойабзаллар, камарлар, тақинчоқлар ҳамда олтин ва кумуш буюмлар бор.
Қатардаги Ислом санъати музейида ташкил этилган «Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос» халқаро кўргазмасига эса 7 та археологик экспонат тақдим этилди. Бундай ҳамкорлик лойиҳалари Бухоронинг тарихий-маданий меросини дунёга танитишга хизмат қилмоқда.
[gallery-32526]
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида музей-қўриқхона тизимидаги музейларга 686 минг 129 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА