Каспий денгизида янги ороллар пайдо бўлмоқда
Каспий денгизи сатҳи йиллар давомида пасайишда давом этмоқда ва унинг Қозоғистон соҳилларида сув остида қолган айрим ҳудудлар энди орол сифатида юзага чиқмоқда. Олимлар денгизнинг шимолий қисмидаги жараёнлар келажакда Орол денгизи каби қуриш хавфини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Қозоғистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий соҳиллари Каспийнинг энг саёз қисми бўлиб, чуқурлиги одатда 3-6 метрдан ошмайди. Сув сатҳи 1996 йилдан 2025 йилгача 2,45 метрга пасайган, жорий йил июль ойида эса Қулали ороли яқинидаги кўрсаткич тарихий энг паст — денгиз сатҳидан 29,42 метр паст даражага тушган.
Шу жараён натижасида сўнгги 4-5 йилда бир нечта янги ороллар пайдо бўлган: айримларининг узунлиги бир километрга, эни эса 200-300 метрга етади. Янги қуруқликларга ёввойи чўчқа ва ҳатто бўрилар ҳам етиб бормоқда.
Денгиз сатҳининг пасайишига иқлим исиши туфайли буғланишнинг кучайиши, ёғингарчилик камайиши ва дарё сувларидан инсон эҳтиёжлари учун фойдаланиш таъсир қилмоқда. Каспий денгизидаги сув сатҳи пасайиши 2000-2025 йилларда сув билан қопланган майдонни қарийб 16 384 квадрат километрга қисқартирган.
Бу жараён денгизда фақат янги ороллар пайдо бўлиши билан чекланмаяпти: дунёда бошқа жойда учрамайдиган Каспий тюленлари учун мавсумий оролчалар майдони 1995 йилдан бери 15 баравардан зиёд камайган.
Экологлар бутун Каспий Орол денгизи тақдирига дуч келмайди, деб ҳисоблайди, аммо шимолдаги саёз ҳудудларнинг жиддий қуриши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Тадқиқотчилар тахминича, аср охиригача денгиз сатҳи яна 8 метргача пасайиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА