Жиззахда ирригация тармоқлари таъмирланмоқда (видео)
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида 4 километрлик “Хавастлик” канали бетонлаштирилмоқда. Бу орқали Ҳамроқул Носиров сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги 650 гектар экин майдонида сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Каналларни бетонлаштириш сув ресурсларини асраш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим чора.
Сув хўжалиги вазирлигининг қайд этишича, тупроқ ўзанли каналларда сувнинг 25-40 фоизи ерга сингиб кетади. Бетон қоплама эса фильтрацияни сезиларли даражада камайтиради.


Бу кўрсаткичнинг аҳамиятини оддий ҳисобда ҳам тасаввур қилиш мумкин. Масалан, тупроқ ўзанли каналга олинган ҳар 100 куб метр сувнинг 25-40 куб метри йўқотилиши эҳтимоли бор.
Тежалган сув экин майдонларига ўз вақтида етказилади. Натижада суғоришдаги узилишлар камайиб, ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш имконияти кенгаяди. Бу эса ҳосилдорликни ошириш учун муҳим омиллардан биридир.


Мамлакатимизда бу йўналишдаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борадаги вазифалар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 мартдаги 111-сон қарорида ҳам белгилаб берилган. “Ирригация тизимларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув танқислигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарор асосида каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш учун 480 миллиард сўм ажратилган.


Жиззахдаги “Хавастлик” каналидаги қурилиш ҳам сувдан самарали фойдаланишга қаратилган амалий ишлар сирасига киради. Зеро, бугун тежалган сув эртанги ҳосил ва озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Абдужалол Қаюмов (видео),
ЎзА