ФАО Ўзбекистонда туячиликни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистонда туячиликнинг улкан имкониятлари очиладими? Чорвачилик агентлиги ва FAO экспертлари соҳанинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўлларини ўрганмоқда.
23 ноябрь куни Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ориф Бўтаев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) экспертлари билан учрашди. Мулоқотда FAOнинг етакчи техник мутахассиси Эран Райзман, туячилик қиймат занжири бўйича халқаро маслаҳатчи Гаухар Конуспаева, миллий маслаҳатчи Эркин Шаптаков ҳамда лойиҳанинг миллий координатори Муроджон Авлиёқулов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда туячилик тармоғининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳсулдорликни ошириш ва туя маҳсулотларини қайта ишлаш орқали соҳанинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйлов ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, туя сути ва гўштини қайта ишлаш, маҳсулотларнинг қўшилган қийматини ошириш ҳамда бозорга етказиб бериш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, туячиликни ривожлантиришда халқаро тажрибадан фойдаланиш, фермер ва тадбиркорлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни илмий ва амалий ёндашувлар асосида ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар доирасида 22–27 ноябрь кунлари FAO экспертларининг Ўзбекистонда туячилик қиймат занжирини комплекс ўрганишга қаратилган миссияси режалаштирилган. Ушбу миссия Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги туячилик хўжаликлари, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганади. Шунингдек, фермерлар, тадбиркорлар ва масъул ташкилотлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиб, тармоқнинг ривожланишига таъсир этувчи омиллар, мавжуд муаммолар ва истиқболли йўналишлар таҳлил қилинади.

Агентлик учун ушбу ҳамкорлик туячилик тармоғининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, халқаро экспертлар тавсиялари асосида амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда соҳада ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган қиймат занжирини ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мулоқот ва режалаштирилган ўрганишлар туячилик соҳасида истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА