Пахтачиликда янги тажриба: капсулаланган чигит кузда тупроққа қадалди
Пахтачиликда янги тажриба: олимлар чигитни махсус капсулалар билан кузда экиш технологиясини синовдан ўтказмоқда. Бу усул ҳосилни эртароқ етиштириб, самарадорликни ошириши мумкин.
Пахтачиликда ҳосил тақдирини белгилайдиган муҳим омиллардан бири — экиш муддати. Чигитнинг униб чиқиши учун қулай шароит яратиш, вегетация даврини қисқартириш ва ҳосилнинг эртароқ пишиб етилишини таъминлаш бугунги кунда илмий изланишларнинг устувор йўналишларидан бири.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти тажриба майдонида ғўза чигитини турли препаратлар ёрдамида капсулалаш самарадорлигини баҳолаш ҳамда кузги экиш технологиясини ишлаб чиқишга қаратилган дастлабки тажриба ишлари амалга оширилди.
Тадқиқот доирасида капсулаланган чигитнинг қиш давомида тупроқда сақланиши, намликни ушлаб туриш хусусияти ҳамда баҳорги шароитда униб чиқиш жараёни ўрганилади. Бунда капсула чигитни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, унинг чиришининг олдини олиш ва зарур намликни сақлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

—Технологиянинг муҳим жиҳати шундаки, баҳорда тупроқ ҳарорати 14 даража ва ундан юқори қулай кўрсаткичга етганда капсуланинг эриши ҳамда чигитнинг униб чиқиши учун шароит яратилади, — дейди Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши бўлим бошлиғи Фахриддин Суюнов. — Бу эса ғўза ривожланишини эртароқ бошлаш, вегетация давридан самарали фойдаланиш ва пахта ҳосилининг пишиб етилишини олдинроқ таъминлаш имкониятларини ўрганишга хизмат қилади. Айни пайтда тажриба ишлари дастлабки босқичда. Турли препаратлар ёрдамида капсулаланган чигитлар устида мунтазам кузатувлар олиб борилиб, технологиянинг самарадорлиги, чигитнинг сақланиш даражаси ва униб чиқиш кўрсаткичлари баҳоланади. Яна бир эътиборли жиҳати пахта 1 сентябрга қадар тўлиқ пишиб етилади.
Дастлабки синовлар ижобий натижа берган тақдирда, технологияни кенгроқ майдонларда синовдан ўтказиш ва унинг самарадорлигини тасдиқлаш орқали пахтачилик амалиётига жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА