Адлия вазири: Ерни нафақат табиий ресурс, балки мулкий муносабат объекти сифатида комплекс ўрганиш зарур
Ерга хусусий мулк ҳуқуқини жорий этиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, сув ресурсларидан фойдаланиш кафолатларини кучайтириш ва ерларнинг ҳаддан ташқари майдаланиши ёки айрим шахслар қўлида тўпланишининг олдини олиш долзарб аҳамиятга эга.
Адлия вазирлиги ва Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ҳамкорлигида ташкил этилган «Қишлоқ хўжалиги ерларига оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш: самарали фойдаланиш ва хусусий мулкчиликни ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, миллий ва хорижий олимлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов ер муносабатларини такомиллаштиришда ерни нафақат табиий ресурс, балки мулкий муносабатлар объекти сифатида ҳам комплекс ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Хусусийлаштириш қонунчилигини такомиллаштириш ва мулкий ҳуқуқлар кафолатларини кучайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Литва, Россия Федерацияси ва Корея Республикаси экспертлари эса хорижий тажриба, хусусий мулкчиликнинг иқтисодий имкониятлари ва эҳтимолий хавфлари юзасидан ўз маърузаларини тақдим этди.
Конференциядаги муҳим таклифлардан бири – қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштиришда табақалаштирилган ёндашувни қўллаш масаласи бўлди.
Тошкент давлат юридик университети профессори Гўзал Узоқова қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан хусусий мулкчиликни босқичма-босқич жорий этиш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди. Барча турдаги қишлоқ хўжалиги ерларига бир хил ҳуқуқий ёндашувни қўллаш ўрнига, уларнинг хусусияти ва фойдаланиш мақсадидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Яйловлар ва умумий ирригация тармоқларини давлат мулкида қолдириш зарур.
Қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш фақат мулкчилик муносабатларига эмас, балки сув ресурсларидан фойдаланиш имкониятига ҳам бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, сув сервитутлари институтини жорий этиш таклифи илгари сурилди.
Конференцияда муҳокама қилинган яна бир масала – фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш билан боғлиқ бўлди.
Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари учун малака сертификатларини жорий этиш таклифини билдирди.
Ташаббуснинг асосий мақсади – ердан оқилона фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, сув ресурсларини тежаш ва экологик талабларга риоя қилиш бўйича билим ҳамда кўникмаларни ривожлантиришдан иборат.

Конференцияда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Ойбек Соатов ерларнинг айрим шахслар қўлида ҳаддан ташқари тўпланиши ва аксинча, майдаланиб кетишининг олдини олишга қаратилган таклифларни илгари сурди. Хусусан, аҳоли зичлиги, мавжуд ер ресурслари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, бир шахс мулкида бўлиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги ерларининг энг юқори майдонини белгилаш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, мерос ва олди-сотди натижасида ер участкаларининг ҳаддан ташқари майдаланиб кетишини чеклаш мақсадида ер консолидацияси механизмларини жорий этиш масаласи кўтарилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларида уй-жой қурилишини тақиқлаш ва тупроқ унумдорлигини сақлашни мулкдорнинг мажбурияти сифатида белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Бу таклифлар ерга хусусий мулк ҳуқуқини жорий этиш жараёнида иқтисодий манфаатлар билан бир қаторда озиқ-овқат хавфсизлиги, тупроқ унумдорлиги ва ер ресурсларини келажак авлодлар учун сақлаш масалалари ҳам муҳим ўрин тутади.
Конференция доирасида миллий ва хорижий олимларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига оид ҳуқуқий муносабатлар, хусусий мулкчилик истиқболлари ва халқаро тажрибага бағишланган илмий мақолалари тўплами ҳам нашр этилди.
Конференция якунида билдирилган таклифларни умумлаштириш, уларни ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, илмий ва экологик жиҳатдан таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида фойдаланиш йўналишлари белгилаб олинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА