Кўчатчиликда 97 йиллик тажрибага эга ўрмон хўжалигида нима гап?
Сурхондарё вилоятидаги Узун давлат ўрмон хўжалиги ишчилари қарийб бир асрдан буён кўчат етиштириб, мамлакатимизни боғу бўстонга айлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хўжалик ишчиларининг, айниқса, кейинги ўн йилдаги меҳнати янада унумли, самарали бўлаётир. 106 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган яшил бойликлар маконида кўчат етиштириш салмоғи ошиб, турлари кўпаймоқда. Мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида барпо этилаётган дарахтзорларни сифатли, ранг-баранг мевали ва манзарали кўчат билан таъминлаётир.

Эндиликда 40 дан ортиқ турдаги мевали ва манзаралари дарахт кўчати ва бута парваришланаётган ўрмон хўжалиги лойиҳа доирасида мамлакатимиз вилоятлари иқлимига мос кўчат етиштиришга ихтисослашди. Масалан, хўжалик Сурхондарё вилоятига сосна, Бухорога гужум қайрағоч, Қашқадарёга турак, Тошкентга лола дарахти, Жиззахга анор кўчатларини етказиб бермоқда.

Жанубдаги воҳада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда ҳам Узун давлат ўрмон хўжалигининг ўз ўрни бор. Айни пайтда вилоятнинг Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида барпо этилаётган иҳота дарахтзорлари ҳамда “яшил белбоғ”ларга ўрмон хўжалигида етиштирилган кўчатлардан ҳам фойдаланилмоқда. Жумладан, Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар, “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар, Термиз тумани “Каттақум” даҳасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан бунёд этилаётган 82 гектар ер майдонига Узун давлат ўрмон хўжалиги ҳам ўз кўчатларини етказиб берди.

Жорий йил кузги кўчат экиш мавсуми учун хўжаликда 6 миллион туп кўчат етиштирилиб, экишга тайёрланди. Шунингдек, янги йилнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси баҳорги мавсуми учун 7,5 миллион тупдан ортиқ турли кўчат парваришланмоқда.

– Кўчатлар сони билан бирга уларнинг сифати ва яшовчанлигига ҳам алоҳида эътибор берамиз, – дейди хўжалик директори Рамзиддин Низомиддинов. – Ҳар бир ниҳолни агротехник талаблар асосида парваришлаб, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос турларини етиштирамиз. Ҳар бир ишчимиз ўзининг ҳалол меҳнати билан мамлакатимизни яшилликка буркашга муносиб ҳисса қўшаётганидан фахрланади.

Президентимизнинг шу йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида кузги кўчат этиш юмушлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, мавсумда вилоятда 11 миллион 187 минг тупдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Ангор туманидаги Илғор маҳалласида ташкил этилаётган яшил белбоғ ҳам келажакда чанг-тўзонларини пасайтиришга хизмат қилади. Бу ерга бир гектар майдонда 3х2 метр экиш схемаси асосида 1 минг 667 туп кўчат жойлаштирилади.

Ўтган йил шу ҳудудга туташ массивда барпо этилган “яшил белбоғ” ҳудудида Узун давлат ўрмон хўжалиги ишчилари беш гектар майдонга кўчат қадаган эди. Ҳозир нобуд бўлган кўчатлар ўрнига янгиларини экмоқда. Кузги мавсум учун тайёрланган майдонларни сифатли кўчат билан таъминламоқда. Воҳани яшилликка қоплашнинг кузги мавсумида маҳаллалар роли оширилаётган бир паллада ҳудудларда иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон”ларни янада кенгайтиришдек эзгу юмушларда намуна бўлмоқда. Бу ишлар воҳани яшил бойликларга буркаб, чанг бўронлари таъсирини юмшатиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга, яшил хиёбонлар ва сўлим боғларни кўпайтириб, табиат мусаффолигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири