Жамиятда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлаш - тараққиётнинг муҳим омили
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараёнларда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бир қаторда, жамиятда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, тинчлик ва осойишталикни асраш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бу борада, энг аввало, жамиятда ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини таъминлаш, инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган таъсирчан механизмлар шакллантирилди. Хусусан, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита ўрганиш, мавжуд муаммоларни маҳалла ва хонадон даражасида аниқлаб, уларга манзилли ечим топиш амалиёти кенгайди. Натижада ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш масаласи фақат алоҳида идоралар зиммасидаги вазифа сифатида эмас, балки давлат органлари, маҳалла, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигига асосланган яхлит тизим сифатида қарор топмоқда. Бундай ёндашув оилалардаги ижтимоий муаммоларни эрта аниқлаш, ёшларнинг таълим ва бандлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг давлат ва жамият институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, «Жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир». Ушбу фикр мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-маънавий сиёсатнинг мазмун-моҳиятини яққол ифодалайди. Зеро, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш фақат хавфсизлик чоралари билан чекланмайди. У, аввало, жамиятда ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини қарор топтириш, турли миллат, элат ва диний эътиқод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни умумий мақсад ва Ватан тараққиёти йўлида бирлаштириш билан узвий боғлиқдир. Шу сабабли мамлакатимизда бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик бугунги кунда жамият барқарорлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим тамойили сифатида намоён бўлмоқда.
Жамиятда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш фақат маънавий-маърифий тадбирлар билан чекланмайди. Бу, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаёти учун муносиб шароит яратиш, одамларни иш билан таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, маҳаллаларни обод қилиш ҳамда замонавий ва хавфсиз инфратузилмани шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ. Аҳоли фаровонлиги, оилалардаги хотиржамлик ва одамларнинг эртанги кунга ишончи жамиятдаги умумий муҳитга бевосита таъсир кўрсатади.
Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини Миробод тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бугунги кунда Миробод туманида аҳоли фаровонлигини ошириш, муносиб турмуш шароитларини яратиш, замонавий шаҳар муҳитини шакллантириш ва ижтимоий инфратузилмани изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган янги ёндашувлар туманнинг нафақат ташқи қиёфасида, балки одамларнинг кундалик ҳаёти, меҳнат қилиши, таълим олиши ва дам олиши учун яратилаётган шароитларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Аҳоли ва пойтахтимиз меҳмонлари учун қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилаётган 24/7 режимида фаолият юритувчи кўча ва ҳудудлар, замонавий хизмат кўрсатиш объектлари, меҳмонхоналар, ободонлаштирилаётган жамоат жойлари туманнинг бугунги қиёфасини янгиламоқда. Кечаю кундуз гавжум бўлган бундай ҳудудлар тадбиркорлик ва хизматлар соҳаси ривожига туртки бериш билан бирга, одамларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, хавфсиз ва қулай жамоат маконларидан фойдаланиши учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда. Янги мактаб биноларининг барпо этилиши, мавжуд таълим муассасаларининг замонавий талаблар асосида таъмирланиши ва жиҳозланиши эса ёш авлоднинг сифатли таълим олиши учун муносиб шароитларни кенгайтирмоқда.
Туманда амалга оширилаётган бундай ўзгаришларни 2026 йилнинг биринчи ярми, хусусан, иккинчи чорак якунлари бўйича ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 трлн 287,3 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 110,3 фоизга етди. Тошкент шаҳри саноатида туманнинг улуши 5,7 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига эса 40,1 млн сўмлик саноат маҳсулоти тўғри келди. Бу рақамлар Мирободда ишлаб чиқариш фаоллиги ва иқтисодий салоҳият изчил ошиб бораётганини кўрсатади.
Қурилиш соҳасида ҳам юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Ҳисобот даврида пудрат қурилиш ишлари ҳажми 6 трлн 810,1 млрд сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизни ташкил қилди. Бу Тошкент шаҳрида амалга оширилган қурилиш ишларининг 11,1 фоизига тенгдир. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қурилиш ишлари ҳажми 43,4 млн сўмни ташкил этди. Эътиборлиси, мазкур рақамлар ортида туманнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилаётган аниқ ўзгаришлар турибди. Хусусан, 450 та кўп квартирали уй-жой қурилди, 2,8 километр ички йўл таъмирланди, 0,8 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди, 3,6 километр юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари тортилди. Буларнинг барчаси, биринчи навбатда, аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Миробод тумани иқтисодиётида хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни айниқса сезиларли. 2026 йилнинг тегишли даврида хизматлар ҳажми 23 трлн 494,2 млрд сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125,5 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида кўрсатилган хизматларнинг 8,5 фоизи Миробод тумани ҳиссасига тўғри келиб, аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 150 млн сўмга етди. Бу натижа туманнинг пойтахтдаги йирик хизмат кўрсатиш, савдо ва ишбилармонлик ҳудудларидан бири сифатидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Иқтисодий фаолликнинг муҳим кўрсаткичларидан яна бири - тадбиркорлик муҳити. Бугун туманда 9 260 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 1 075 таси йирик, 8 185 таси кичик бизнес субъектларидир. Фаолият йўналишлари бўйича 606 таси саноат, 629 таси қурилиш, 2 510 таси савдо ва 5 515 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. Фақат 2026 йилнинг иккинчи чорагида 679 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилгани ҳам туманда ишбилармонлик фаоллиги юқори эканини кўрсатади. Шу даврда ўз бизнесини бошлаш ёки мавжуд фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган фуқаролар ва тадбиркорларга давлат дастурлари доирасида 21,2 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди.
Албатта, иқтисодий ўсишнинг аҳоли ҳаётидаги энг муҳим натижаларидан бири - янги иш ўринлари яратилиши ҳисобланилади. Иккинчи чоракда Миробод туманида белгиланган 4 317 та режага нисбатан
8 696 та янги иш ўрни яратилди ва белгиланган кўрсаткич 201,4 фоизга бажарилди. Бандликнинг таъминланиши фақат аҳоли даромадини ошириш воситаси эмас. Доимий иш ва барқарор даромад оиладаги ижтимоий муҳит, инсоннинг эртанги кунга ишончи, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши билан бевосита боғлиқ. Шу жиҳатдан янги иш ўринларини яратиш жамиятда соғлом ва барқарор ижтимоий муҳитни таъминлашнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади.
Туман маҳаллий бюджетида ижобий натижалар кузатилди. 2026 йил учун белгиланган 132,5 млрд сўмлик прогноз доирасида иккинчи чорак учун 43,1 млрд сўм тушум режалаштирилган бўлиб, амалда 43,5 млрд сўм тушум таъминланди ва режа 101 фоизга бажарилди. Бюджет тушумларининг барқарорлиги ҳудудда ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли учун зарур хизматлар сифатини ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Тараққиётнинг муҳим мезони, албатта, фақат иқтисодий рақамлар эмас. Унинг натижаси одамларнинг ҳаёт сифатида, фарзандлар таълимида, аҳоли саломатлигида, ёшларнинг бўш вақтини қандай ўтказаётганида ҳам кўриниши керак. Шу нуқтаи назардан, Миробод туманида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 83,2 фоизга етказилди. Мактабларда чет тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга ўқитувчилар улуши 86 фоизни ташкил этди. Бу, энг аввало, фарзандларимизнинг замонавий билим олиши ва келажакда рақобатбардош кадрлар бўлиб етишиши учун яратилаётган имкониятларнинг амалий натижасидир.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, маданият ва жамоат ишларига кенг жалб қилиш ҳам соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим йўналишига айланган. Ҳисобот даврида 3 756 нафар ёш “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари ва бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган тадбирларга жалб қилинди, 50 та концерт-томоша ва маданий тадбир ташкил этилди. Шунингдек, туманнинг 212 та ҳудудида жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ўтказилиб, аҳолининг 15 фоизи оммавий спортга жалб қилинди. Бундай ишлар, айниқса, ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, уларнинг қобилият ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам эътибор марказида бўлиб қолмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида эҳтиёжманд хотин-қизларга давлат кўмаги асосида махсус жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, 565 нафар ҳомиладор аёл пренатал скринингдан ўтказилди. Бу каби чора-тадбирлар ижтимоий ҳимояни умумий ёндашувдан ҳар бир инсоннинг аниқ эҳтиёжига йўналтириш тамойили амалда қарор топаётганини кўрсатади.
Шу маънода, Миробод туманида амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни бир-биридан ажратиб баҳолаб бўлмайди. Янги корхона ва тадбиркорлик субъектларининг ташкил этилиши - янги иш ўринларини, янги иш ўринлари оила учун барқарор даромадни, замонавий инфратузилма - муносиб турмуш шароитини, сифатли таълим ва мазмунли бўш вақт эса ёшларнинг келажакка ишончини таъминлайди. Шу омилларнинг уйғунлиги жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Бугун Мирободдаги янгиланишларнинг мазмуни ҳам шунда, хусусан гап фақат янги бино, йўл ёки хизмат кўрсатиш объектини барпо этиш ҳақида эмас, балки улар орқали инсон учун қулай, хавфсиз ва фаровон ҳаёт муҳитини яратиш ҳақида бормоқда. Туманнинг замонавий қиёфаси, ривожланаётган тадбиркорлик, янги иш ўринлари, таълим ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар, обод маҳаллалар ва гавжум жамоат маконлари пировардида битта мақсадга - одамларнинг бугунги ҳаётидан розилиги ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, инсон ўз маҳалласида, ўз туманида амалга оширилаётган ўзгаришларни кундалик ҳаётида ҳис қилгандагина ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси намоён бўлади.
Ф.Мухитдинова,
Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати