Жадидларнинг матбуот ҳақида айтган фикрлари бугун ҳам долзарб
Жадидлар ва миллий матбуот. Ўзбек матбуотининг шаклланиши бевосита тараққийпарвар боболаримизнинг заҳматли фаолияти, матонати, юртпарварлиги, фидойилиги билан боғлиқ. Ўз даврининг жарчиси бўлган бу нашрлар одамларда миллий ўзлик туйғуларини қарор топтириш, халқни, ўлкани залолат ботқоғидан халос этишдек эзгу мақсадларни кўзлагани билан диққатга сазовор. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, атоқли олима, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
–Маълумки, ўзбек миллий матбуотининг шаклланиши маърифатпарвар жадид боболаримиз фаолияти билан бевосита боғлиқ. Ўз даврида тараққийпарвар зиёлилар вақтли нашрлар фаолиятини йўлга қўйишда қандай ғояларни устувор билган? Қолаверса, Туркистон ўлкаси, халқи учун ўта оғир саналган ўша даврларда вақтли матбуотнинг нашр этилиши нималар эвазига йўлга қўйилган?
– Бугун биз ҳаётимизни Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги янгиликларсиз, ахборотларсиз тасаввур қила олмаймиз. Бундан ташқари, ҳаммамиз давлат – жамият – инсон масаласи ёритиладиган илмий-оммабоп мақолалар, тарихий, бадиий, фалсафий ва бошқа йўналишда ёзилган катта-кичик асарларни ўқишга эҳтиёж сезамиз. Бунинг учун бизга китоблар, газеталар, журналлар ва интернет тармоқлари энг яқин ёрдамчи.

Қадимда Турон заминида матбуот бўлмаган вақтларда савдо карвонлари, бозорлар, чойхоналар, карвонсаройлар, масжидлар, мадрасалар ва мактаблар янгиликлар ва ахборотлар алмашадиган жой бўлган.
19-юзйиллик охирида ахборот алмашинув, янгиликларни тарқатишнинг замонавий ва қулай кўриниши газета ва журналлар бўлиб, бу даврда уларнинг сони кўпайди ва оммалашди. Жадид боболаримиз дастлаб Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Миср, Афғонистон, Россия ҳамда унинг мустамлака ҳудудларида чоп қилинган газета ва журналларнинг обуначилари бўлди ва нашрлар билан мунтазам танишиб борди. Туркистонда ҳам газета ва журналлар ташкил қилиш зарурати мавжудлигини англаган ҳолда уни ташкил қилишнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий чораларини кўрди. Мустамлакачилар миллий матбуотга тиш-тирноғи билан қарши бўлгани учун газета асосчиларига турли важ ва баҳоналар кўрсатиб, газета ташкил қилинишини атайин орқага суришга ҳаракат қилганларини тарихий манбалар тасдиқлайди.
Туркистонда миллий матбуотга асос солиш учун биринчилардан бўлиб ҳаракат қилган тараққийпарвар – Мунавварқори Абдурашидхонов бўлади. Унинг матбуот соҳасидаги илк фаолияти 1906 йили Россия империяси Сирдарё вилояти губернатори И.Гейер муҳаррирлигидаги “Ўрта Осиё умргузорлиги, тараққий” газетасида бошланган. Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Никоҳ тўғрисида” ва бошқа мақолалари чоп этилган ушбу газета Туркистон генерал-губернаторлиги буюртмаси асосида чиққан бўлиб, 17 та сони чиқиб тўхтаб қолган. Шундан сўнг, Мунавварқори Абдурашидхонов миллий матбуотга асос солишга қарор қилади. Газета таъсисчиси олдига қўйилган талаблардан бири рус тилини билиш бўлгани учун янги ташкил этаётган газетаси – “Тараққий”га рус тилини яхши эгаллаган Исмоил Обидийни муҳаррирликка таклиф қилади.
Кейин ҳам газета ва журналларни ташкил қилиш бўйича жадидлар томонидан тақдим қилинган аризалар ойлаб, йиллаб империянинг соҳага тегишли идораларида қолиб кетган. Қайта-қайта мурожаатлар қилиб, рухсат олганларида эса, уларнинг цензуралари таъқибидан қутула олмаганлар.
Умуман олганда, Россия империясининг мустамлакаси остида бўлган Туркистонда жадидларнинг миллий матбуотга асос солишлари жуда ноёб ҳодиса эди ва тараққийпарвар боболаримиз буни уддасидан чиққан.
– Жадидлар ўз даврида кўплаб газета ва журналларни ташкил этган бўлсалар-да, ушбу нашрлар фаолияти ҳеч қанча вақт ўтмай тўхтаб қолаверган. Сизнингча, бунга нима сабаб бўлган?
–Туркистон жадидларининг илк миллий газетаси – “Тараққий”нинг бош ғояси мустамлакачиликдан озод бўлиш ва бош мақсади миллатни тараққий эттириш эди. Бу эса, ўз навбатида, Россия империясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатига зид бўлиб, тез орада унинг фаолиятига чек қўйилган. Мунавварқори Абдурашидхонов босқинчи ҳукуматнинг қаршилиги олдида таслим бўлмаган. Қисқа муддатдан сўнг “Хуршид” газетасига асос солган. Бу газета ҳам таъқиб остида бўлгани учун атига икки ой давомида фаолият олиб борган. Россия империяси ҳукумати махсус ёллаган айғоқчилари орқали 1906 йили Абдулла Авлоний муҳаррирлигида чиққан “Шуҳрат” ва 1907 йили Саидкаримбой Саидазимбой муҳаррирлигида чиққан “Тужжор” газеталарига ҳам Мунавварқори Абдурашидхонов зимдан раҳбарлик қилган, деган хулосага келган. Бу газеталар фаолияти ҳам тез орада тўхтатилган. Қарийб 7 йил давомида Туркистон минтақасида жадидларнинг газета ёки журнал ташкил қилишларига рухсат берилмаган. Фақат 1912 йилга келиб Бухоро жадидлари амирликда “Бухоройи шариф” ва “Турон” газеталарини чоп қилиш имкониятига эга бўлган. Орадан бир йил ўтиб, 1913 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналига, 1914 йили Обиджон Маҳмудов “Садойи Фарғона”, Убайдулла Хўжаев “Садойи Туркистон” газеталарига асос солган. 1906-1918 йиллари Туркистон жадидлари 50 га яқин газета ва журналлар чоп қилганлар ҳамда уларда Туркистонга оид сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мавзуларни ёритганлар.
Сиёсий мавзудаги мақолаларда миллий озодлик ғоялари, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, сайлов масаласи, мухториятчилик ва жадидларнинг сиёсий қарашлари ўрин олган. Иқтисодга оид мақолаларда банклар фаолияти, экин, савдо, саноат, иқтисодий жамиятлар тузишга оид маълумотлар берилган. Газета ва журналларда энг кўп ёритилган масала ижтимоий ҳаётга оид бўлиб, соғлиқни сақлаш, таълим, дин, ижтимоий ҳимоя, аҳолининг турмуш тарзи, оилавий маросимлар, миллий байрамлар, маданий мерос ва ҳоказолар ёритилган.
Россия империяси газета ва журналларни кузатиб бориб, турли баҳоналар билан уларнинг фаолиятини тўхтатиш билан шуғулланганлар. Нега босқинчилар миллий матбуотга қаршилик қилди? Нега газета ва журналлар фаолиятини тўхтатиб борди? Энг асосий сабаби – газета ва журналларга Туркистон озодлигининг ғоявий курашчилари бўлган жадидлар асос солдилар. Матбуот саҳифаларида ҳуррият, озодлик, адолат, бирлик ҳақида чиқишлар қилдилар. Миллатни тараққий этишга чақирдилар. Миллий озодлик учун жипслашишга, бирлашишга даъват қилдилар. Бу фикрлар Россия империясини хавотирга солмаслиги мумкин эмас эди. Уларни жадид мактаблари, жадид театрлари қанчалик саросимага солган бўлса, миллий матбуот ҳам бундан кам бўлмаган.
– Миллатимиз ойдинларининг орадан 150 йил ўтиб миллий журналистика ва умуман, юртимиз маънавий ҳаёти учун ҳамон долзарб бўлиб турган ғоялари, шиорлари ҳақида нималар айтган бўлар эдингиз?
– Жадидлар халқимизга матбуотнинг кучини сўзлари ва амаллари билан кўрсата олганлар. Тараққийпарварлардан Иброҳим Тоҳирий матбуот ҳақида “Бир халқнинг матбуоти ўшал халқнинг кўнглида ёширинғон, кўкрагида сақланган тилакларини, орзуларини энг очиқ суратда кўрсатадурган ойнасидур. Бир халқнинг матбуоти ўшал халқнинг ўтгани, келажаги ва андо ўлған ва ўлажақ умидларини, фарзларини, йўлларини, қайғуларини сўзлайдурғон бир тилдур”, деган бўлса, жадидчилик миллий ҳаракатининг самарқандлик йирик намояндаси Ҳожи Муин “Матбуот элнинг тили, халқнинг йўлбошчиси ва турмушнинг ойнасидир”, деб таърифлаган. Абдулҳамид Чўлпон эса “Дунёда беш кучлик давлат бўлса олтинчиси, олтита бўлса еттинчиси матбуотдир”, деб матбуотнинг мавқеини давлат (ҳокимият) даражасига кўтарган.
Шунингдек, жадидлар матбуотчилик, мухбирлик иши билан шуғулланадиганларга жиддий талаблар қўйган. Мухбир халқ ходими эканини таъкидлаб, масалани ҳар томонлама ўрганиб ҳал қилиши кераклиги, ўзининг шахсий ҳисларини, хусусий қарашларини аралаштириб юбормаслиги лозимлигини, ҳақиқатни ёзиши шартлигини уқтирганлар. Фикримнинг далили сифатида Бухоро жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили Қори Йўлдош Пўлатов журналчилар, газетачилар, мухбирларга қарата айтган ушбу фикрини айтишим лозим: “Мухбир – ҳақиқатпарвар. У ҳеч нимадан қўрқмасдан ҳақиқатни устига чиқарадур. Газета ҳақиқатни ҳеч кимдан қўрқмасдан ёзган мухбирини зарур бўлган фурсатда муҳофаза қила олур. Эсдан чиқмасунким, мухбирлик олий ва муқаддас вазифа, халққа хизмат қилишдур”.
Хулоса қилиб айтганда, жадидларнинг матбуот ҳақида, матбуот соҳаси ходимлари ҳақида айтган фикрлари бугунги кунда ҳам муҳим ва долзарб бўлиб, биринчи навбатда матбуот ходими ватанпарвар бўлиши керак. Фаолияти давомида эса адолат, ҳақиқат, тўғрисўзлик тамойилларига таяниши шарт.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.