Ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар сафарбарлик даврида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади
Сенат ялпи мажлисида “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қонун мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт барқарорлигини сақлаш ва аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини кафолатлашга қаратилганини таъкидлади.
Қонун мамлакатимизни эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга олдиндан тайёрлаш, Қуролли Кучларни зарур ресурслар билан таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатда давлат ва жамиятнинг барқарор фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
– Сафарбарлик фақат ҳарбий хизматга чақириш дегани эмас, – деди Қ.Бурхонов. – У электр энергияси, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат таъминоти ва бошқа муҳим тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашни ҳам назарда тутади. Шу билан бирга, сафарбарлик эълон қилинган тақдирда, қонунда белгиланган тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бунда уларнинг соғлиғи, оилавий шароити ва қарамоғидаги шахслар билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олинади. Қонунда айрим фуқаролар учун чақирувни кечиктириш имконияти ҳам белгиланган. Ҳарбий хизматга чақирилган ишловчи фуқароларнинг иш жойи эса сақланиб қолади.

Зарур ҳолларда қонунда белгиланган тартибда фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа мол-мулкидан Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин. Бунда мол-мулкни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар сафарбарлик даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, уларнинг кредит тўловлари муддатларини кечиктириш белгиланган. Бу чоралар ҳарбий хизматни ўтаётган фуқароларнинг молиявий мажбуриятларини тартибга солишга қаратилган.

Қонунда аҳолини зарур маҳсулотлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва бошқа муҳим ресурслар захирасини шакллантириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини сафарбарлик шароитида ишлашга тайёрлаш, тиббий хизматлар ва муҳим инфратузилманинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари назарда тутилган.

Сенаторлар маъқуллаган қонун хавфсизликка таҳдид юзага келган тақдирда, давлатнинг мудофаа салоҳиятини таъминлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини барқарор сақлаш ва аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга тайёр бўлиш бўйича ҳуқуқий асос яратади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА