Исроилда намойиш авж олди
Исроилнинг йирик шаҳарлари кўчаларида ҳукуматга қарши минглаб намойишчилар саф тортди. Оломон 7 октябрь воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.
Қуддус, Тель-Авив ва Хайфа каби йирик шаҳарлари фуқаролари иштирокида ҳукумат сиёсатига қарши норозилик акцияси кучайди. Бу ҳақда ТАСС хабар берган. Намойишчилар Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги Вазирлар маҳкамаси фаолиятини кескин танқид қилиб, 2023 йил 7 октябрь куни содир бўлган ҲАМАС ҳужуми сабабини холис ўрганиш учун мустақил давлат комиссияси тузишни талаб қилмоқда. Тель-Авивдаги қўзғолонда етакчиликни “Кураш ташкилотлари форуми” ва фожиа қурбонлари яқинларини бирлаштирган “Октябрь кенгаши” сингари жамоатчилик ҳаракатлари ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил кузидаги қуролли ҳужум оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлган, 250 га яқин одам гаровга олинган. Ўшанда Исроил Ғазо секторига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган ва бу ҳаракат ҳамон давом этяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА