Замбия АҚШ таклифини рад этди
Замбия Республикаси ташқи ишлар вазири Муламбо Хаймбе мамлакат АҚШ билан музокарада асосий тамойилдан чекинмаслигини билдирди. Яъни, тиббиёт соҳасидаги молиявий ёрдамни стратегик минералларга кириш имконияти билан боғлаш таклифи қабул қилинмайди.
Африка давлати етакчиси маълум қилишича, Қўшма Штатлар томонидан беш йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимига 2 миллиард долларгача маблағ ажратилиши назарда тутилган келишуви таклиф этилган. Бинобарин, лойиҳада белгиланган маълумот алмашиш шарти фуқаролар шахсий ҳаёти дахлсизлигига зид келиши мумкин. Шу билан бирга танқид қилинаётган иккинчи ҳужжат – стратегик минераллар бўйича келишувда америкалик компаниялар учун имтиёзлар кўзда тутилгани қайд этилди.
Расмий Лусака бу икки битим бир-бирига боғланишини хоҳламаяпти. Ҳукумат ёндашувига кўра, ҳар бир ҳужжат алоҳида, миллий манфаат асосида кўриб чиқилиши керак. Ҳозирча Давлат департаменти мавзу бўйича изоҳ беришдан тийилиб турибди.
Хуллас, масала томонлар ўртасида баҳс келтириб чиқарган. АҚШнинг Замбиядаги элчиси Майкл Гонсалес мамлакатни музокарага етарли даражада жалб этилмаганликда айблаган. Замбия эса бу иддаони инкор этиб, музокара давом этаётганини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА