Лондон ЕИ орқали Украинага ёрдамни кучайтиради (+видео)
Лондон Украинага ёрдам кўрсатиш мақсадида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилмоқчи. Британия ҳукумати бу ҳақда 4 май куни Ереванда бўлиб ўтадиган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида эълон қилади, деб хабар берди DWнашри.
Европа Иттифоқининг Украина учун мўлжаллаётган 90 миллиард евролик кредит дастурига Буюк Британия ҳам қўшилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Британия бош вазири Кир Стармер идорасига таяниб Reuters агентлиги ҳам хабар қилди. Британия ҳукумати Ереванда ўтадиган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида бу масала бўйича тўлиқ маълум қилади.
ЕИнинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган кредит дастури апрель ойида Венгрия ветоси бекор қилингач тасдиқланган эди. Дастурда Британиянинг иштирок этиши Украинага молиявий ёрдамни кенгайтириш билан бирга муҳим ҳарбий жиҳозлар етказиб берилишини таъминлайди, деди Бош вазир Кир Стармер.
Шунингдек, бу ҳамкорлик Британия мудофаа саноати учун янги имкониятларни яратиб, ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш бўйича ҳам шартномаларга кириш имконини очади, деб башорат қилинмоқда.
Британия бош вазирининг сўзларига кўра, Лондон ва Брюссель ўртасидаги ҳамкорликдан барчага бирдек фойда бўлади.
“Нотинч даврда одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун мудофаа масалаларида янада тез ва қатъий ҳаракат қилишимиз керак”, — деб таъкидлади Кир Стармер.
2022 йилда Россия-Украина уруши бошланганидан бери Британия Россияга қаршикенг қамровли чеклов чораларини жорий этиб келади. Шу ҳафта охирига қадар Лондон Россия компанияларига қарши яна бир қатор янги санкциялар пакетини эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу орқали Россиянинг ҳарбий маҳсулотларга бўлган таъминот занжирини издан чиқариш мақсад қилинган, дейилади Стармер идораси баёнотида.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pMOuSbdmGpA" title="London YEI orqali Ukrainaga yordamni kuchaytiradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА