Иқтидорли болалар ментал арифметика бўйича беллашди
Маълумки, ментал арифметика ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, мантиқий фикрлаш, хотира ва диққатни жамлаш қобилиятларини кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимизда ҳамда халқаро миқёсда ментал арифметикага оид мусобақалар мунтазам равишда ташкил этилиб, ўқувчиларнинг ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар Ёшлар марказида ментал арифметика бўйича билимлар беллашуви бўлиб ўтди. Беллашув давомида иштирокчилар ўзларининг тезкор фикрлаш, диққатни жамлаш ва математик ҳисоблаш бўйича билим ҳамда кўникмаларини намоён этди.

Тадбирда қайд этилганидек, ментал арифметиканинг болалар учун энг асосий фойдаси — бу нафақат тез ҳисоблаш кўникмаси, балки миянинг комплекс ривожланиши. Таёқчалар билан ишлаш орқали болалар иккала мия ярим шарини бирдек фаоллаштиради. Мисолларни хаёлан ечиш жараёни болада бир нуқтага диққатни жамлаш ва ташқи чалғитувчи омилларга эътибор бермаслик кўникмасини шакллантиради.

Тадбирнинг якуний натижаларига кўра, фаол иштирокчилар эсдалик медаллари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундай беллашувлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, мантиқий фикрлашини ривожлантириш ва билимга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Г.Бобоева,
ЎзА