Илм чўққиси томон одимлаётган қиз
Зулфияхоним издошлари
Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ўз истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқаришга эътибор қаратилган. Бу мақсадларни амалга ошириш учун турли танловлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилиб, муносиб тақдирланмоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилганлиги, таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳалари ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ҳамда ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларнинг мазкур мукофот билан тақдирланиши эса уларнинг фаолиятига берилаётган юксак баҳо, десак муболаға эмас.

Навоий давлат университети (аввалги Навоий Давлат педагогика институти) ўқитувчиси Меруерт Омонбоева ҳам ана шу нуфузли мукофот совриндорларидан биридир. У Президентимизнинг 2024 йил 4 мартдаги қарорига асосан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
М.Омонбоева 1998 йил 12 майда Навоий вилояти Нурота тумани Темирқовуқ қишлоғида туғилган. У 2014 йил 2-Нурота қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тугатгач, 2017 йилда Навоий Давлат педагогика институтининг Физика-математика факультетига ўқишга кириб, уни имтиёзли диплом билан тугатди ва 2021 йилда давлат гранти асосида “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси” (математика) мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлади.

– Мен билим олиш билан бирга тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиб, “Қосим хожи – Меруерт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бораман, – дейди қаҳрамонимиз. – МЧЖ ҳисобида 500 гектар ер майдони бўлиб, асосан қоракўл зотли қўйларни кўпайтириш билан шуғулланамиз. Шунингдек, эчкичилик, деҳқончилик, полиз экинларини етиштириш, паррандачилик, чакана савдо, ем-хашак тайёрлаб сотиш каби ишларни ҳам бажарамиз. Бугунги кунда жамиятда 10 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Чорва молларининг мавсумий кўпайиш вақтида яна 10 нафар ишчи кунлик иш жараёнларига жалб қилинади.

М.Омонбоева тадбиркорлик фаолиятида бир қатор ютуқларни қўлга киритган. Жумладан, “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган бўлса, ўша йили “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинацияси ғолибаси бўлган. Ушбу танловлардаги ғолиблик ва ажратилган грант маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди.
Фаолияти давомида у Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика Марказининг қисқа муддатли ўқув курсини, Фермерлар мактабида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчи-ходимлари учун ташкил этилган интенсив ўқув курсини тугатган.

У талабалик йиллари ва иш фаолияти даврида ҳам илм олиш билан бирга турли танловларда фаол иштирок этди.
Жумладан, 2020 йилда Россия Федерацияси томонидан ўтказилган халқаро фан олимпиадасида фаол иштирок этиб, 3-ўринни эгаллаган бўлса, “Йил талабаси – 2020” танловида “Йилнинг энг намунали тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган. 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлган.
Меруерт Омонбоева 2021 йилда Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳрида ўтказилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг “Энг яхши ёш олимлар – 2021” халқаро танлови, Россия Федерацияси томонидан ўтказилган халқаро фан олимпиадасида, 2022 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг “Энг яхши илмий тадқиқотчи” халқаро танловида 1-ўринни эгаллаган бўлса, “Ихтирочи аёл – 2022” танловида “Тадбиркорлик бўйича энг яхши лойиҳа” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган.

У 2023 йилнинг 21 январь куни Тошкент давлат транспорт университетида ташкил этилган “Янги Ўзбекистонда инновацион тадқиқотлар” халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида ташкил этилган “Интеллектуал изланувчи” халқаро илмий-амалий кўрик танловида иштирок этиб, ғолиб бўлган ҳамда “Интеллектуал изланувчи” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Илғор тадқиқотлар илмий маркази томонидан ташкил этилган “Халқаро илмий Форум”да иштирок этиб, “Энг яхши илмий мақола” номинациясида ғолиб бўлиб, “Илм-фан ифтихори” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ҳозирда Навоий давлат университетининг “Мактабгача таълим” кафедраси ўқитувчиси М.Омонбоева техника фанлари доктори (DSc), профессор Дилнавоз Камолова раҳбарлигида “Физика ва астрономия фанларини ўрганишда математик амаллардан фойдаланиш методикаси” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

– Шогирдим фикри теранлиги, билимдонлиги билан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳурматини қозонган иқтидорли кадрлардан бири ҳисобланади, – дейди Меруертнинг устози Д.Камолова. – У олий таълим муассасасига келган илк даврларидан бошлаб, илмга интилиши, қизиқувчанлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Меруерт ўтказиб келинаётган анжуман ва конференцияларда мунтазам равишда ўзининг илмий ва оммабоп маърузалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Илмий тезис ва мақолалари айни вақтдаги долзарб мавзуларни қамраб олганлиги ҳамда ўқитиш жараёни учун зарур бўлган маълумотларга бойлиги билан ўз долзарблиги ва жозибадорлигини сақлаб келмоқда. Бугунги кунга қадар унинг 100 га яқин илмий тезис ва мақолалари республика ҳамда халқаро миқёсдаги илмий, амалий, услубий анжуман ва конференцияларнинг тўпламларида чоп этилган. Шунингдек, ёш ижодкорнинг “Математика фанининг эҳтимоллар назарияси ва математика статистика бўлими”, “Олий математика фанининг математик физика тенгламалари бўлими”, “Астрономия фанининг ривожланишига ҳисса қўшган Ўрта Осиё мутафаккирлари. Астрономия фанини ўқитишда халқ ривоятларининг аҳамияти”, “Шарқ астрономияси” номли услубий қўлланмалари университет илмий кенгашида муҳокама қилиниб, ижобий баҳоланган ҳамда нашр учун тавсия этилган.
Меруерт Омонбоева Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тасдиқланган 7 та электрон дарслик ва ўқув қўлланмаларининг муаллифи ҳисобланади. Ушбу электрон дарслик ва ўқув қўлланмалар ўзининг долзарблиги, замонавийлиги ҳамда фойдаланишга қулай бўлганлиги сабаб, узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида кенг фойдаланиб келинмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири