ID-картани расмийлаштириш хизмати йўлга қўйилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳаридаги шаҳар Давлат хизматлари марказида фуқаролар учун яна бир қулайлик яратилди — бу ерда шахсни тасдиқловчи ID-картани расмийлаштириш хизмати йўлга қўйилди.
Эндиликда фуқаролар ID-карта олиш учун паспорт бўлимига бориб вақт сарфламайди. Улар шаҳар Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб, барча жараёнларни бир жойда, тез ва қулай тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар.
Маълумот учун, ID-карта расмийлаштириш хизмати учун тўлов миқдори 366 680 сўмни ташкил этади. Агар фуқаро аризани my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда юборса, тўлов миқдори 330 012 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, хизмат экстерриториаллик тамойили асосида кўрсатилади. Яъни, фуқаролар доимий рўйхатга олинган манзилидан қатъи назар, Гулистон шаҳар Давлат хизматлари марказида ИД-картани расмийлаштиришлари мумкин.
– Бу хизматни йўлга қўйишдан асосий мақсад — фуқароларга янада яқин бўлиш, уларнинг вақти ва маблағини тежашдир, – дейди Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази директори Суннат Кудратов . – Аҳолига қулайлик яратиш, навбатлардаги тирбандликни камайтириш ва барча хизматларни бир нуқтада тақдим этиш давлат хизматларини инсон манфаатига йўналтиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Мазкур қулайлик фуқароларга вақтни тежаш, навбат кутиш ҳолатларини камайтириш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири