Хотин-қизлар касб-ҳунарларга бепул ўқитилади
Андижон шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни турли касб ва ҳунарларга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи “Хотин-қизлар бандлиги ва ривожлантириш маркази” ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси Андижон вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган “Аёллар маскани” лойиҳаси доирасида ташкил этилган марказда қандолатчилик, чеварлик, IT, косметология йўналишларида ўқув курслари йўлга қўйилди.
Марказ очилишида кенг жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, экспертлар, марказда таҳсил олиш, касб-ҳунар ўрганиш истагидаги хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова, Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Ўктамжон Охунов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Зарифахон Аҳмедова ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бу борада вилоятда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, ҳамкорлик лойиҳалари доирасида мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркор аёллар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлими ҳам ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, ана шу йўналишдаги билим ва малакаларини ошириш, касб-ҳунар ўрганишларига кўмаклашиш борасида самарали иш олиб бораётган фуқаролик жамияти институтларидан бири ҳисобланади.


– Бўлимимиз томонидан опа-сингилларимизни меҳнат бозори талаб этадиган касб ва ҳунарларга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда, – дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Дилфузахон Исонова. – Олий Мажлис Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Аёллар маскани” лойиҳамиз ҳам ана шу йўналишдаги ишларимиздан биридир. Лойиҳа доирасида “Хотин-қизлар бандлиги ва ривожлантириш маркази”да қандолатчилик, чеварлик, IT ва косметология йўналишларида ўқув курслари, шунингдек, замонавий тикув машиналар билан жиҳозланган чевархона, турли ширинлик ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш учун зарур буюм ва жиҳозларга эга мўъжазгина цех, илғор компьютерлар билан таъминланган IT хоналари ташкил этилган.
Дарҳақиқат, янги ташкил этилган марказ курсларида 80 нафар хотин-қиз чеварлик, пазандалик ва компьютер операторлиги бўйича бепул ўқитилмоқда. Уларга малакали мутахассислар томонидан нафақат назарий билимлар, балки амалий машғулотлар орқали зарур кўникмалар берилмоқда.


Ўқув курсларида хотин-қизларга касб-ҳунар ўқитиш билан бирга, уларга тадбиркорлик, бизнес-режа тузиш, бизнесни юритиш, маҳсулот тайёрлаш, бозор топиш, сотиш сингари қатор йўналишларда ҳам билимлар берилади, амалий тажрибалар ўргатилади.
Машғулотлар “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси Андижон филиали малакали мутахассис ва тренерлар томонидан олиб борилади. Курсларни муваффақиятли тамомлаганларга тегишли сертификатлар берилади.
– Мен ҳозирда марказнинг қандолатчилик курсида таҳсил оляпман, – дейди Андижон шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Нозима Ҳайдарова. – Бу ерда касбни ўрганиш учун барча шароитлар яратилган, энг асосийси, ўқиш бепул. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, қандолатчилик ҳунарини пухта эгаллаб, ўз хонадонимда мустақил иш бошлаш, даромад топиш ниятидаман.



Бир сўз билан айтганда, ушбу марказ хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатадиган, уларни тадбиркорликка йўналтирадиган, доимий даромад манбаини шакллантиришга кўмаклашадиган масканга айланади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири