Зиёлисини эшитган давлат – Ўзбекистон
Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқот давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу йўлнинг мантиқий давоми сифатида «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг ҳудудий йиғилишлари мамлакатнинг барча ҳудудларида бир вақтда ўтказилди. ЎзА хабар берганидек, бундай кўламдаги мулоқот мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор бўлиб ўтди.
Бир неча ҳудудда ўтган мулоқотларда қатнашар эканман, бу шунчаки навбатдаги анжуман эмас, ҳақиқатан тарихий воқеа эканига амин бўлдим: олим ва ёзувчи, муаллим ва шифокор, имом-хатиб ва тадбиркор давлат билан юрт келажаги ҳақида очиқ ва дадил гаплашди.
Барча ҳудудлар «Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи» шиори остида бирлашди. Билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, Тошкентда бўладиган Кенгашнинг республика йиғилишига олиб чиқилади.
Бу воқеанинг салмоғини англаш учун бир асрга орқага қараш кифоя. 1938 йилнинг октябрида Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Фитрат отиб ташланган эди, уларнинг бор «айби» халқни маърифат билан уйғотмоқчи бўлгани эди. Президентимиз 2020 йилда ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат қилар экан, «Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман» деб, учинчи Ренессансни ХХ асрдаёқ маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин бўлганини эслатган эди.
Бугун эса давлат зиёлиларни ўз ҳузурига чорлаб, фикрини сўрамоқда, ҳар бир таклифини ёзиб олмоқда. Тарихий адолатнинг тикланиши айнан шундир.
Зиёли – миллатнинг энг катта бойлиги. Бизнинг заминда бу ҳақиқат азалдан маълум. Абу Наср Форобий «Фозил одамлар шаҳри» асарида бахтли жамиятни билим ва фазилат бошқарадиган шаҳар сифатида тасвирлаган. Алишер Навоий эса буюк шоир бўлиш билан бирга давлат арбоби, олим ва ижодкорларнинг ҳомийси эди.
Бу анъана XX аср бошида жадидларда янги куч билан уйғонди. Абдулла Авлоний 1913 йилдаёқ «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур» деб ёзган эди. Орадан бир асрдан зиёд вақт ўтиб, Президентимиз шу ҳақиқатни бир жумлада ифодалади: «Яккаю ягона нажотимиз – илм».
Замонавий фан ҳам айнан шу хулосага келмоқда. Жаҳон банкининг
«The Changing Wealth of Nations 2021» ҳисоботига кўра, инсон капитали, яъни одамларнинг билими ва малакаси дунё бойлигининг 64 фоизини ташкил этади. Америкалик сиёсатшунос Роберт Патнэм эса Италия ҳудудларини йигирма йил давомида ўрганиб, давлат институтлари самарадорлигини фуқаролар фаоллиги ва ўзаро ишонч, яъни ижтимоий капитал белгилашини исботлаган.
Президентимиз мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади» деб эълон қилди. Еттита миллий дастурнинг биринчиси айнан билим ва малакани тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилгани бежиз эмас. Билим ва малакани эса, аввало, зиёли яратади ва авлоддан авлодга етказади.
Шу боис зиёли тараққиётнинг четдаги кузатувчиси эмас, балки унинг бош муаллифларидан биридир. Муаллим бугун синфда айтган гап, олим бугун ёзган мақола, ёзувчи бугун яратган асар йигирма йилдан кейин мамлакат тақдирини ҳал қиладиган авлоднинг дунёқарашига айланади.
Зиёлиларга эътибор шиор бўлиб қолмаганини сўнгги ўн йил воқеалари кўрсатиб турибди. 2017 йилнинг 3 августида Президентимиз ижодкор зиёлилар билан учрашиб, адабиёт, санъат ва маънавият ҳеч қачон бизнесга айланмаслигини, давлат бунга асло йўл қўймаслигини очиқ айтган эди. 2020 йилда Ўқитувчи ва мураббийлар куни тантаналари илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтди, ўшанда Президентимиз ўқитувчи ва мураббийларни янги Ўзбекистонни барпо этишдаги катта куч ва таянчимиз деб атади.
2026 йилнинг май ойида эса давлатимиз раҳбари Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди. Ўшанда Президентимиз ёшларни китобга ошно қилиш ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ устувор вазифа бўлиб келганини таъкидлади.
Бу эътибор энг аниқ кўринадиган соҳа олий таълимдир. 2016 йилда мамлакатимизда 77 та олий таълим муассасаси бор эди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида уларнинг сони 215 тага етди. Ўн йил аввал ёшларнинг атиги 9 фоизи олий таълимга қамраб олинган бўлса, 2024/2025 ўқув йилида 18–23 ёшдаги аҳолининг 47,7 фоизи олийгоҳларда таҳсил олди.
Бу ўсиш бир текис ва узлуксиз кечди: олийгоҳлар сони 2019 йилда 112 тага, 2021 йилда 156 тага, 2022 йилда эса 170 тага етди. Бошқача айтганда, ўн йил ичида олий таълим муассасалари қарийб уч баробар кўпайди, ҳар йили ўртача 15 тага яқин янги олийгоҳ эшик очди.
Ўзгаришлар фақат таълим билан чекланиб қолмади. Президентимиз мустақилликнинг 35 йиллиги маросимида таъкидлаганидек, 2017 йилда 35 фоиз бўлган камбағаллик даражаси 4 фоизга туширилди. Илгари йилига 2–3 миллиард доллар атрофида бўлган хорижий инвестициялар ҳажми эса бугун 40–50 миллиард долларга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам 2015 йилдаги 73,6 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга узайди.
Бу рақамлар ортида аниқ одамлар турибди. Ҳар бир янги олийгоҳга домла, ҳар бир шифохонага шифокор, ҳар бир завод лойиҳасига муҳандис керак. Президентимиз таъкидлаганидек, сўнгги ўн йилда иқтисодиёт 2,5 баробардан зиёд ўсди, мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Инвестиция эса, аввало, билимли кадр бор жойга келади.
Ўн йилликнинг энг ёрқин рамзларидан бири 2026 йил 17 мартда расман очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидир. Унинг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг «Иқро!», яъни «Ўқи!» деган ояти муҳрланган. Мамлакатнинг энг улкан маърифат масканларидан бирига кириш дарвозасида айнан шу сўз туриши бежиз эмас.
Мулоқотларда илгари сурилган ҳар бир таклиф ортида аниқ бир инсон ва аниқ бир дард туради. Энг кўп тилга олинган мавзулардан бири она тили, адабиёт ва китобхонлик бўлди. Бу тасодиф эмас: тил ва китоб миллатнинг хотираси, зиёли эса шу хотиранинг посбони.
Президентимиз 2020 йилда Анқарада Туркия Президенти ҳузуридаги кутубхонанинг очилишида миллатни қудратли қиладиган нарса интеллектуал салоҳият ва юксак маънавият эканини, бу енгилмас кучнинг манбаи эса китоб ва кутубхоналар эканини таъкидлаган эди. Мулоқотларда туғруқхона ва оилавий поликлиникалар орқали ҳар бир чақалоқ оиласига «Илк китобим» тўпламини совға қилиш, асарларидан кутубхоналарда фойдаланилгани учун ўзбек муаллифларига йиллик ҳақ тўлаш каби ғоялар янгради.
Ҳудудларнинг ўзига хос дардлари ҳам овоз топди. Ер ости бойликларидан тушадиган даромаднинг бир қисмидан келажак авлодлар учун ҳудуд жамғармасини тузиш, вахта усулида ишловчилар оилаларига ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш, олис чўл ҳудудларидаги кам сонли ўқувчили мактаблар учун масофавий таянч мактаб моделини жорий этиш шулар жумласидан.
Рақамли давр саволлари ҳам четда қолмади. Давлат органлари фуқаролар ҳақида қарор қабул қилишда фойдаланаётган сунъий интеллект тизимларининг очиқ реестрини юритиш, банк ёки давлат идораси номидан қилинадиган сохта қўнғироқларни алоқа операторлари даражасида блоклаш таклифлари бугун ҳар бир оилага тааллуқли. Ноёб маданий меросни ЮНЕСКО рўйхатларига киритиш, санъаткор ва блогерлар учун касбий этика қоидаларини ишлаб чиқиш ғоялари эса маънавий муҳит учун қайғуришнинг ифодасидир.
Бу таклифларнинг ҳаммаси ҳам эртагаёқ амалга ошмаслиги мумкин. Лекин уларнинг ҳар бири кабинетда эмас, ҳаёт ичида қўйилган ташхисдир. Пойтахтдаги энг тажрибали мутахассис ҳам олис овулдаги мактаб ёки вахтада ишлайдиган оиланинг дардини шу ерда яшайдиган муаллим ва шифокордек аниқ билмайди.
Энди асосий вазифа бу ноёб мулоқотнинг бир марталик тадбир бўлиб қолмаслигини таъминлашдир. Президентимиз фаолиятининг илк кунлариданоқ «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни илгари сурган. Бу тамойил зиёлилар билан мулоқот мунтазам бўлгандагина тўла маънода ҳаётга кўчади.
Жаҳон тажрибаси ҳам шуни кўрсатади. Сингапурда 2012–2013 йилларда ўтказилган «Our Singapore Conversation» миллий мулоқотида 47 мингдан ортиқ фуқаро 660 дан зиёд учрашувда қатнашди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2020 йилги тадқиқотида дунёдаги 289 та тажрибани таҳлил қилиб, давлат институтлари бундай маслаҳатлашувларни алоҳида лойиҳалардан доимий амалиётга айлантира бошлаганини қайд этди. Финляндия парламентида эса 1993 йилда тузилган Келажак қўмитаси 2000 йилдан буён доимий қўмита сифатида мамлакат келажаги бўйича фикр марказига айланган.
Бизда бунинг учун мустаҳкам асос бор. Еттита миллий дастурнинг биринчиси билимни тараққиётнинг асосий капиталига, олтинчиси эса маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришни кўзда тутади. Зиёлилар кенгаши шу икки дастурни туташтирадиган кўприк бўла олади: маҳалладан чиққан эҳтиёжни илм тилига, илмий ечимни эса аниқ қарорга айлантиради.
Шу нуқтаи назардан қуйидаги чоралар мақсадга мувофиқ бўлар эди:
ҳар бир таклифга масъул идора, муддат ва натижа кўрсаткичи ёзилган «таклиф паспорти» очиш;
барча таклифларни очиқ электрон реестрда юритиш, токи муаллиф ўз ғоясининг тақдирини кузатиб бора олсин;
ҳудудий йиғилишлар ва республика кенгашини ҳар йили ўтказиб, ҳар сафар аввалги таклифлар ижроси бўйича ҳисобот бериш;
кенгашлар таркибида ёш олим ва ижодкорларга алоҳида ўрин ажратиш;
мулоқотлар самарадорлигини мустақил социологик тадқиқотлар орқали мунтазам ўлчаб бориш.
Ягона реестр зарурлигини мулоқотларнинг ўзи кўрсатди: бир хил ғоя турли муаллифлар томонидан қайта-қайта илгари сурилди, айримлари эса аллақачон амалда экани маълум бўлди. Реестр бўлганида бундай ҳолатлар олдиндан аниқланар, зиёлининг вақти эса янги ғояга сарфланар эди.
Бугун давлатлар ўртасидаги рақобат кўпроқ ақл ва билим учун кетмоқда. Бу рақобатда зиёлисини тизимли эшитадиган давлат олдинга чиқади.
Хулоса қилиб айтганда зиёлиларини эшитган давлат бу – Ўзбекистондир. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун «янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитлар»ни яратиш зарурлигини таъкидлаган. Мамлакат бўйлаб ўтган мулоқотлар айнан шундай муҳит шаклланаётганидан далолат беради. Жадидлар орзу қилган манзара, яъни давлат ва зиёлининг бир столда ўтириб, юрт эртасини бирга ўйлаши бугун ҳақиқатга айланмоқда.
Тарихдаги икки Ренессансни биз аввало алломалар номи билан эслаймиз. Учинчиси ҳам синфхонада, лабораторияда, ёзувчи столида ва шифокор хонасида туғилади.
Президентимиз 2017 йилда ижодкор зиёлилар билан учрашувда катта ишонч билдириб, «ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади» деган эди. Бу келажак зиёлиларнинг фикри тизимли тингланадиган юртга тезроқ келади.
Зиёлилар кенгаши фаолиятининг доимий тизимга айланиши Янги Ўзбекистон стратегиясининг табиий давоми, миллий юксалиш даврининг ишончли кафолати бўлади. Зиёлисига қулоқ тутган давлатнинг йўли ҳамиша ёруғ бўлади.
Дониёрбек Эркинжонов,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти