Ҳиндистон: мамлакат бошқарувида ким қандай ўрин тутади? (+видео)
Маълумки, ЎзА дунё сиёсатининг шаклланишига таъсир кўрсатаётган, геосиёсий мавқеи, иқтисодий салоҳияти, ҳарбий қудрати ва халқаро майдондаги нуфузи билан ажралиб турадиган давлатлар раҳбарияти ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаб келмоқда. Шу пайтга қадар Шимолий Корея, Эрон, Хитой, АҚШ ва Жанубий Корея каби жаҳон сиёсатининг муҳим иштирокчилари ҳақида сўз юритдик.
Энди навбат дунёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакатлардан бири, жадал иқтисодий ривожланиши, ядровий салоҳияти ва халқаро муносабатлардаги ўзига хос ёндашуви билан ажралиб турадиган Ҳиндистон Республикасига.
Қарийб 1,5 миллиард аҳоли истиқомат қиладиган, улкан иқтисодий имкониятлар ва катта ҳарбий салоҳиятга эга бу мамлакатнинг давлат бошқаруви тизими ўзига хос хусусиятларга эга. Ҳиндистонда Президент давлат бошлиғи ҳисобланса, Бош вазир ҳукуматни бошқаради ва мамлакатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини амалга оширишда етакчи ўрин тутади. Мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари эса миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли кучларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим вазифаларни бажаради.
Ҳиндистон раҳбариятида турли ҳаётий тажриба ва касбий фаолият йўлига эга шахслар жамланган. Бу сафда оддий оилада вояга етиб, мамлакатнинг олий давлат лавозимига кўтарилган Президент, ёшлигида отасига чой савдосида ёрдам берганидан кейин сиёсий майдоннинг юқори чўққисига чиққан Бош вазир, кўп йиллик сиёсий тажрибага эга мудофаа вазири ҳамда қарийб қирқ йиллик дипломатик фаолиятни босиб ўтган ташқи ишлар вазири бор.
Хўш, Ҳиндистоннинг ички ва ташқи сиёсатини белгилашда муҳим ўрин тутаётган бугунги асосий сиёсий арбоблар кимлар? Улар қандай ҳаётий ва касбий йўлни босиб ўтган? Мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, мудофаа салоҳияти ва халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашда уларнинг ўрни қандай?
Фардона Яхшибоева,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА