Ҳарбийлар билан мулоқот
Самарқандда ўтказилаётган “Маърифат ҳафталиги” тадбирлари бугун Тойлоқ туманида давом этди.
Тумандаги маҳаллалар, таълим муассасалари ва корхоналарда “Маърифат улашиб”, “Маърифат соати” ва бошқа лойиҳалар бўйича очиқ мулоқот, учрашувлар ташкил этилди.
Жумладан, Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда “Ватан посбонлари – юрт келажаги” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Жонибек Жумаев, таниқли театр актрисаси Одина Абдураҳмонова юртни ҳимоя қилиш, халқ осойишталигини таъминлаш энг муқаддас бурч эканлигини таъкидлаб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига миннатдорлик билдирдилар. Ватанпарварлик, миллий қадриятлар, маънавият ва инсоний фазилатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Шуҳрат Воҳидов томонидан ижро этилган қўшиқлар даврага ўзгача файз киритди. Театр ижодкорларининг бадиий чиқишларини ҳам ҳарбий қисм аскар ва зобитлари катта иштиёқ билан томоша қилдилар.
Тарғиботчилар тумандаги бир қатор корхоналар ишчи-ходимлари билан ҳам учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар, бадиий дастурлар намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири