Ғиждувон туризм салоҳиятига юқори баҳо берилди
Маҳаллий аҳолининг ташаббускорлиги, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва сайёҳлик инфратузилмасининг ривожланаётгани халқаро ҳамкорлар эътиборини тортмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг ўзига хос салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун янги даромад манбаларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса тарихий-маданий меросни асраш билан бирга, уни замонавий туризм имкониятларига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу жараёнда Бухоро вилоятининг қадимий ҳунармандчилик мактаблари, зиёратгоҳлари ва бой тарихий мероси билан машҳур Ғиждувон тумани алоҳида ўрин тутади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакилларининг туманга ташрифи ҳам Ғиждувоннинг сайёҳлик имкониятларига бўлган халқаро қизиқиш тобора ортиб бораётганининг ифодаси бўлди.


Ташриф давомида хорижлик меҳмонларга ҳудуднинг туристик салоҳияти, сайёҳлар учун яратилган шароитлар, меҳмонхона ва меҳмон уйлари фаолияти, шунингдек, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
JICA вакиллари Абдулла Нарзуллаев номидаги кулолчилик мактаби фаолияти билан танишар экан, Ғиждувон кулолчилигининг ўзига хос услуби, нақшлари ва бадиий қийматига эътибор қаратдилар. Шунингдек, меҳмон уйлари, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний меъморий мажмуаси таркибидаги Улуғбек мадрасаси, Қўрғон туризм маҳалласида жойлашган Ҳунармандлар маркази ҳамда XIV асрга оид Тош ҳаммоми ҳам ташриф дастуридан ўрин олди.
Ушбу масканлар билан танишув жараёнида бир жиҳат яққол намоён бўлди: Ғиждувонда туризм фақат тарихий обидаларни намойиш этиш билан чекланмаяпти. Бу ерда миллий ҳунармандчилик, зиёрат туризми, маҳаллий урф-одатлар ва оилавий тадбиркорлик ўзаро уйғунлашиб, сайёҳлар учун яхлит туристик муҳит шаклланмоқда.
Айниқса, маҳаллий аҳолининг ўз маблағи ва ташаббуси билан туризм соҳасига кириб келаётгани, хонадонларини меҳмон уйларига айлантириб, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатаётгани эътиборга молик. Бу нафақат янги иш ўринлари ва қўшимча даромад манбаларини яратмоқда, балки ҳудуднинг миллий қадриятлари, меҳмондўстлик анъаналари ва маданий ўзига хослигини ҳам кенг тарғиб қилмоқда.
Япониялик мутахассислар ҳам ташриф якунида Гиждувонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, аҳолининг бу жараёндаги фаол иштироки, хусусан, оилавий меҳмон уйлари ташкил этилаётганини алоҳида эътироф этдилар.


Дарҳақиқат, бугун туризмнинг барқарор ривожланиши фақат йирик инвестиция лойиҳалари ёки замонавий меҳмонхоналар билан белгиланмайди. Энг муҳими, маҳаллий аҳоли бу жараённинг фаол иштирокчисига айланиши, ўз тарихий мероси ва анъаналарини иқтисодий имкониятга айлантира олишидир.
Ғиждувон тажрибаси ҳам шу жиҳати билан аҳамиятли. Зеро, сайёҳ бу ерга нафақат тарихий обидаларни кўриш, балки кулол устахонасида ҳунар сирларини англаш, миллий таомлардан татиб кўриш, маҳаллий хонадон меҳмондўстлигини ҳис этиш учун ҳам келади.
JICA вакилларининг ташрифи эса Ғиждувоннинг ана шу имкониятларини халқаро миқёсда янада кенгроқ намоён этиш, келгусида туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Зеро, тарихий меросни асраб-авайлаш, уни замонавий имкониятлар билан уйғунлаштириш ва бу жараёндан халқ фаровонлиги йўлида самарали фойдаланиш — бугунги ислоҳотларнинг муҳим мақсадларидан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири