Туризм ҳамкорлигининг янги имкониятлари муҳокама қилинди
Тарихий обидалари, бой маданий мероси, миллий урф-одатлари ва бетакрор сайёҳлик масканлари билан дунё эътиборини тортаётган Бухоро халқаро туризм майдонида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашга интилмоқда. Бу борада хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни маҳаллий шароитга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда хизматлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, туризмни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги йўналишларни яратиш ва ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларини жаҳонга танитиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Ана шу вазифалар ижроси доирасида Бухорода Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари ҳамда вилоят туризм бошқармаси масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Бухоронинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш, соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш, Япониянинг илғор тажрибасини маҳаллий туризм тизимига жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Бухорода шаклланган сайёҳлик тажрибаси ва ҳудуднинг бой маданий меросини Японияда кенг тарғиб этиш имкониятларига ҳам эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда туризм рақобати фақат тарихий обидалар ёки диққатга сазовор манзиллар билан эмас, балки сайёҳга таклиф этиладиган хизматлар сифати, саёҳат таассуротларининг хилма-хиллиги ва ҳудуднинг ўзига хос жозибаси билан ҳам белгиланади. Шу нуқтаи назардан, Бухорода янги ташкил этилаётган туристик масканлар, хусусан, туризм қишлоқларининг имкониятларини кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида кўриб чиқилди.
Ушбу масканларнинг жозибадорлигини ошириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, анъанавий турмуш тарзи ва маҳаллий таомлар билан боғлиқ сайёҳлик хизматларини ривожлантириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шу билан бирга, туристик хизматларни диверсификация қилиш, янги маршрутларни шакллантириш ва мавсумийлик таъсирини камайтириш орқали йил давомида сайёҳлар оқимини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Албатта, Япония тажрибасини ўрганиш бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, туризмни самарали ташкил этиш, маҳаллий ресурслардан оқилона фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва сайёҳлик маҳсулотларини халқаро бозор талабларига мослаштиришда тажриба алмашиш янги имкониятларга йўл очади.
Учрашувда ўзаро тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни жорий этиш, ҳудудларнинг туристик имкониятларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур мулоқотнинг аҳамияти шундаки, у Бухоро туризмини фақат мавжуд тарихий мерос билан чеклаб қўймасдан, уни замонавий хизматлар, янги сайёҳлик йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик асосида ривожлантиришга қаратилган. Энг муҳими, бундай алоқалар орқали вилоятнинг туристик маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш, сайёҳлар географиясини кенгайтириш ва маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш имкониятлари юзага келади.
Зеро, Бухоронинг бой тарихи ва маданий мероси унинг асрлар давомида шаклланган бойлиги бўлса, бу салоҳиятни замонавий туризм талаблари асосида намоён этиш келажак тараққиётининг муҳим омилидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири