Фестиваль юртга садоқат ва бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлади
Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани марказидаги “Ёшлар боғи” ҳақиқий байрам масканига айланди. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ўтказилган Умуммиллий бирдамлик фестивали минглаб юртдошларимизни бир майдонга жамлаб, уларга унутилмас қувонч ва ҳаяжон бахш этди.
Фестиваль тадбирининг бош ғояси — турли миллат ва элат вакилларини бирлаштириш, халқимизнинг аҳиллиги ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Шу боис саҳнада янграган ҳар бир қўшиқ, ҳар бир рақс, ҳар бир ҳазил-мутойиба ортидан майдондагилар қалбида қувонч, юртга садоқат ва бирдамлик туйғуси янада жўш урди.

Республика ва вилоятдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, ижодкорлар ва фольклор жамоалари ўз чиқишлари билан байрамга ўзига хос кайфият бахш этди. Миллий куй-қўшиқлар, халқона рақслар, ранг-баранг саҳна кўринишлари майдонда йиғилганларга қувонч, шодлик ва биродарлик туйғуларини улашди.

Фестиваль доирасида ташкил этилган миллий таомлар кўргазмаси эса айни пайтда меҳр-оқибат ва самимият рамзига айланди. Ўзбек, қозоқ, тожик, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари томонидан тайёрлаган палов, сумалак, чак-чак, лағмон каби миллий таомлар дастурхондан ўрин олиб, улар меҳмонларга очиқ юз, илтифот билан тақдим этилди.

Ёшлар учун спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Болажонлар эса ранг-баранг ўйинчоқлар, куй-қўшиқлар ва болалар саҳнасидаги қизиқарли чиқишлардан чексиз мамнун бўлди.

– Биз дўстлик ва ҳамжиҳатликни болалигимиздан қадрлаб ўрганганмиз, – дейди тадбирда иштирок этган меҳнат фахрийси Зуҳра Давронова. – Бугун ана шу қадриятларнинг ёшларимиз орасида мустаҳкамланиб бораётганини кўриб кўнглим тўлди. Фестивалда турли миллат вакиллари бир дастурхон атрофида ўтиргани, бир саҳнада қўшиқ куйлагани — бу юртимиз тинчлиги ва барқарорлигининг ёрқин намунасидир.

– Бирдамлик — келажак гаровидир. Бугун бу ердаги муҳитдан ёшлар катта куч-қувват олди. Бизга ишонч ва масъулият юклатилган. Юртимизда яратилаётган шундай имкониятлар ёш авлоднинг Ватанга садоқатини янада оширади, – деди маҳалланинг ёшлар етакчиси Баҳром Мададов.
Тадбирнинг якуний қисмида томошабинларга кутилмаган совға — нуронийлар ўртасидаги миллий белбоғли кураш мусобақаси тақдим этилди. Уларнинг чаққон ҳаракатлари ва қизғин беллашуви йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди. Айниқса, ёшлар бу курашдан ирода, матонат ва бирдамлик сабоғини олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири