Фарғонада анъанавий «Асал байрами» давом этмоқда
Фарғона шаҳрида анъанавий «Асал байрами» кўргазма-ярмаркаси давом этмоқда. Тадбир маҳаллий асаларичилар, соҳа мутахассислари ҳамда табиий маҳсулотларга қизиқувчи аҳоли ва меҳмонларни бир жойга жамлади.
Ярмаркада Фарғона водийсининг тоғ ва дашт ҳудудларида олинган асал харидорларга бевосита асаларичилар томонидан таклиф этилмоқда. Маҳсулотлар ҳамёнбоп нархларда сотувга қўйилган.
Тадбирда 60 нафардан ортиқ асаларичи иштирок этяпти. Расталарда асалнинг турли навлари, асалдан тайёрланган маҳсулотлар ва асаларичиликнинг бошқа маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Уларнинг тури юздан зиёд.
Кўргазма-ярмарка асаларичилар ва соҳа мутахассисларига ўзаро тажриба алмашиш, тармоқни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш имконини бермоқда. Тадбир доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳам эътибор қаратилган.
Тажрибали асаларичилар ва соҳа мутахассислари ташриф буюрувчиларга асал танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги, унинг фойдали хусусиятлари ва истеъмоли ҳақида бепул маслаҳат бермоқда.
[gallery-32616]
Ярмарка доирасида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилган. Меҳмонлар асалнинг турли навларини татиб кўриб, ўзларига маъқулини харид қилишлари мумкин.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА