Эронда дори-дармон нархи кескин ошди
Яқин Шарқдаги кескинлик Эрон соғлиқни сақлаш тизимини чуқур инқирозга солмоқда. Дори-дармон етишмовчилиги ва нарх ошиши аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиряпти.
АҚШ ва Исроил билан уруш ортидан Эронда соғлиқни сақлаш тизими жиддий босимга дуч келган. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар бермоқда. “Чегарасиз шифокорлар” ташкилотининг Эрондаги гуруҳи раҳбари Григор Симонян таъкидлашича, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан маълум даражада эҳтиёжни қондираётган бўлса-да, уруш оқибати бу имкониятни сезиларли даражада чеклаган. Айниқса, таъминот занжиридаги узилиш вазиятни оғирлаштирган.
– Дори-дармон нархи ошгани яққол сезиляпти, – деди Симонян. – Таъминотдаги муаммолар тизимга қўшимча босим юкламоқда. Сўнгги ҳафталарда беморлар сони ошди. Айниқса, ўт очиш тўхтатилиши эълон қилингандан кейин мурожаат кескин кўпайди. Аҳолининг келажакка ишончи борасида ноаниқлик кучли. Шу жиҳат беморлар руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Расмийлар айрим дори воситалари нархи икки баробар ошгани, ҳатто баъзилар 10 баробар қимматлашганини билдирмоқда. Бу ҳолат асосий хом ашё ва зарур моддалар етишмовчилиги билан изоҳланмоқда.
Мутахассислар фикрича, мавжуд танқисликка кўп йиллик санкция, шунингдек АҚШ ва Исроил томонидан соғлиқни сақлаш инфратузилмасига берилган зарбалар сабаб бўлган. Жумладан, ҳужумлар чоғи йирик фармацевтика корхоналари ҳам зарар кўрган.
Бундан ташқари Эрон портларига нисбатан қўлланаётган чеклов вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Маълумотга кўра, мамлакатдаги дори воситаларининг қарийб 20 фоизи қимматлашган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА