Эрон ва Арманистон транзит келишувини тезлаштирмоқда
БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси доирасида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Эрон раҳбари матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, Теҳрон Арманистон билан тузилган икки томонлама келишувлар, айниқса транзит йўлларига оид битимларни тезроқ амалга ошириш жуда муҳим, деб ҳисоблайди. Мулоқот чоғида Пезешкиён қўшни давлатлар ва минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш Эроннинг қатъий сиёсати эканини таъкидлади. Шу мақсадда мамлакат ҳукумати икки томонлама келишувларни амалиётга татбиқ этиш учун бор имкониятни сафарбар қилмоқда.
ЭИР Президенти Нью-Йоркда қатор давлатлар вакиллари билан музокара ўтказди ҳамда анжуманда нутқ сўзлади. Ўз чиқишида у Теҳрон минтақада тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.
– Низо қўшни мамлакатларга ёйилишини хоҳламаймиз, – деди Эрон раҳбари. – Биз қўшниларимизни хавфсизлик бўйича рақиб деб билмаймиз, ҳамма давлатлар кучли бўлишини истаймиз.
Ф.Яхшибоева, ЎзА