Қозоғистонда АЭС қурилиши жадаллашади
Энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва Евросиёдаги логистика салоҳиятини ошириш Қозоғистоннинг яқин йилларга мўлжалланган устувор вазифаларидир. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев йиллик мурожаатида Балхаш атом электр станцияси қурилишини келаси йил бошлаш, Мойинқум АЭС бўйича ҳамкорлик келишувини эса тезроқ имзолаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатнинг узоқ муддатли уран захирасини яратиш таклифини илгари сурди.
Давлат раҳбари атом энергетикасини иқтисодиётни рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш учун зарур таъминот омили сифатида баҳолади. Энергетика соҳасидаги самарасиз бошқарув ва коррупция ҳолатларини эса танқид қилди. Қайд этилишича, мамлакат қишда қўшни давлатлардан қиммат электр энергияси харид қилиб, ёзда токни анча арзон сотяпти. Шунингдек, Тоқаев давлатни оддий транзит ҳудуддан халқаро юк оқимини бошқарадиган йирик логистика марказига айлантириш вазифасини қўйди.
Мурожаатда инфратузилмани такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, келгуси йилни “Умуммиллий қурилиш йили” деб эълон қилиш таклифи илгари сурилган. Режага кўра, ҳудудларда қарийб 70 тиббиёт муассасаси, 50 таълим, спорт ва маданият муассасаси барпо этилади. 2029 йил охирига қадар Миллий жамғармадан инфратузилма лойиҳаларига қарийб 12,8 миллиард евро йўналтирилиши белгиланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА