Хакер 6 миллиард доллар криптовалюта ўғирлади
Дунёдаги энг йирик “Binance” криптовалюта биржасига хакер ҳужуми натижасида тахминан 6 миллиард доллар ўғирланган. Корхона асосчиси Чанпэн Чжао баёнот беришича, айни пайт хавфсизлик чораси кўрилиб, 3 миллиард доллар музлатиб қўйилган. Шунингдек, депозит ва пул ечиб олиш амалиёти тўхтатилган.
– Нарх 24 соат ичида 4,23 фоиз пасайиб, 76 953 долларга етди, – дейилган тарқатилган маълумотда.
Раҳбар платформа бузиб кирилишига изоҳ берар экан, воқеа ишлаб чиқувчи муҳандиснинг ноутбуки бузилиши билан боғлиқлигини айтган. Вазиятдан фойдаланган хакер хизмат контейнерига кириб олган.
Шунга қарамай, Чжао фойдаланувчиларга уларнинг маблағи хавфсиз экани, ҳамён калити сизиб чиқишини кўрсатадиган ҳеч қандай белги йўқлигига ишонтирди.
Воқеа ҳақида хабарлар тарқалгач, оммавий ахборот воситалари умумий зарарни ҳисоблашга тушиб кетди. Айрим нашрлар камомад қарийб 6,3 миллиард долларлигини фараз қиляпти.

Криптовалюта ва блокчейн технологиясига ихтисослашган “Coindesk” портали ёзишича, “Binance” ҳамёнидан оқиб чиққани айтилаётган маълумот қиймати турли криптовалюталарда салкам 5,7 миллиардга тенг.
– Хакер ихтиёрида ҳозир 5 миллиард 700 миллион долларлик турли криптовалюта, жумладан қарийб 1,5 миллиард долларга тенг Биткоин ва 900 миллион доллар қийматга эга “Ethereum” мавжуд, – деб ёзган “Arkham” портали блокчейн таҳлил платформасига таяниб. – Шунингдек, ҳамёндан тахминан 1,4 миллиард доллар стаблекоин, USDT и USDC чиқиб кетган.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур воқеа криптовалюта оламидаги энг йирик ўғирлик сифатида тарихга кириши мумкин.
Савдо маълумотига кўра, “Binance” хавфсизлик билан боғлиқ муаммо ҳақида хабар бергач, Биткоин нархи 77 000 доллардан пастлаган.
С.Раҳимов, ЎзА