Бугунги кун жадидлари кимлар?
Ўзбек адабиётида жадидчилик ҳаракати, миллат тақдири, миллий бирлик, маърифат ва таълим масалалари алоҳида ўрин тутади.
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романида ҳам бу ғоялар образлар, воқеалар ва қаҳрамонлар тақдири орқали юксак бадиий талқин этилган. Асардаги Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш ва бошқа қаҳрамонлар тимсолида нафақат шахсий муносабатлар, балки миллат ва юрт тақдирига дахлдор муҳим масалалар кўтарилади.
Таъкидлаш лозимки, жадидлар меросини бугунги кун нуқтаи назаридан ўрганиш, уларнинг миллий бирлик, таълим, хотин-қизлар маърифати ва юрт тараққиёти ҳақидаги қарашларини замонавий ҳаёт билан боғлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мавзулар юзасидан адабиётшунос олим, Алишер навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети адабиёт назарияси ва замонавий адабий жараён кафедраси мудири, Профессор Баҳодир Карим билан суҳбатлашдик.
— Устоз, «Ўткан кунлар» романида Отабек билан Юсуфбек ҳожи ўртасидаги бир суҳбатда Отабек отасини Қипчоқ қирғини воқеаларига билвосита алоқадор деб ўйлайди. Сизнингча, Отабекнинг бундай хулосага келишига нима сабаб бўлган?

— Тўғри айтасиз, бу «Ўткан кунлар»даги муҳим нуқталардан бири. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ни ёзишдан мақсади фақат Отабек ва Кумуш, Отабек, Кумуш ва Зайнаб ўртасидаги ишқий муносабатлар, уларнинг ўзаро зиддиятлари ҳақида роман яратиш эмас. Асарда ишқ линяси бор, албатта. Лекин унда миллат дарди, Ватан дарди, тупроқ дарди ҳам бор. Бу эса жадидлар дунёқарашининг муҳим хусусияти эди.
Мамлакат тинч ва фаровон бўлиши керак, деган ғоя асарнинг муҳим қатламларидан биридир. Шу нуқтаи назардан Юсуфбек ҳожи образи алоҳида ажралиб туради. Масалан, Азизбек халққа солиқ солмоқчи бўлганида, Юсуфбек ҳожи бунга эътироз билдиради. Бу орқали Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи тимсолида халқ манфаатини ўйлайдиган инсон образини яратади.
Қипчоқ қирғини олдидан ўтказилган машваратда ҳам Юсуфбек ҳожи ўз норозилигини билдиради ва бу йиғинни тарк этади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Қодирий қирқин воқеасини Отабекнинг кўзи олдида тасвирламайди. Қирғиндан бироз олдин Отабекни Али билан бирга шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетади. Отабек қайтиб келганида эса қирқин содир бўлган, шаҳарда унинг оғир оқибатлари намоён бўлган эди.
Шу вазиятда Отабекда отаси Юсуфбек ҳожининг ҳам бу ишга алоқаси бўлиши мумкин, деган хаёл пайдо бўлиши табиий. Чунки Отабек аввалги машварат ва йиғинларда айтилган гаплардан тўлиқ хабардор эмас. Аммо Юсуфбек ҳожи унинг бу гумонини рад этади: «Сен хато ўйлаяпсан, сен ёшлик қилаяпсан, мен бундай ишларни қилмайман», деган мазмунда фикр билдиради.
Юсуфбек ҳожининг адолатсизлик ва зулмга муносабати ҳам асарда яққол кўринади. У солиқ масаласида ҳам ўз позициясини билдириб, инсонларга зулм қилишни адолатсизлик деб билади. Мен бир вақтлар Юсуфбек ҳожи ҳақида мақола ёзганман. Унда «Далоил ул-ҳайрот» китобини ўқиш билан боғлиқ тушунчаларга ҳам тўхталганман. Бу асарни ўқиш учун инсон тақводор, ишончли, ибодатли ва дуогўй бўлиши керак. Чунки у дуолар китобидир.
Шунинг учун «Ўткан кунлар»да Юсуфбек ҳожининг мақоми ниҳоятда баланд. Аввало, унинг «ҳожи» деган сифати бор. Албатта, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожининг Ҳаж ибодатини қандай адо этганини батафсил тасвирламайди. Лекин унинг табиатидан, руҳиятидан покланиб келган, нурли инсон сиймоси гавдаланади.
Шу нуқтаи назардан Отабекнинг ўз отасини айблаши, бир томондан, ота-бола ўртасидаги драматик суҳбат бўлса, иккинчи томондан, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи образининг мақоми ва маънавий юксаклигини янада очиш учун қўллаган бадиий усул, деб ўйлайман.
— Сиз суҳбат давомида «Қодирий позицияси» деган тушунчани кўп ишлатяпсиз. Яъни ёзувчи ўз қарашларини муайян образга юклаш орқали ифода этади. Марғилонда Отабекнинг бирлашиш ҳақидаги фикрлари ҳам бор. Сиз Қодирийни ўрганиш жараёнида бошқа жадидлар ижоди ва уларнинг ўзаро муносабатларини ҳам тадқиқ қилгансиз. Айтинг-чи, ўша давр жадидлари ўртасида ҳам бирлашиш билан боғлиқ муаммолар бўлганми?
— Жадидларнинг қарашлари умумий маънода бир-бирига яқин бўлган. Лекин улар ўртасида ҳам муайян зиддият ва қарама-қаршиликлар бўлган, деб тасаввур қилиш мумкин. Бу масалани аниқлаш учун манбаларни янада чуқур ўрганиш керак.
Умуман олганда, жадидларда чор Россиясидан қутулиш, бирлашиш, ягона мақсад сари интилиш, Туркистон Мухториятини барпо этиш каби тушунчалар мавжуд эди. 1917 йил ноябрь ойида Туркистон Мухторияти эълон қилингани ҳам бунинг мисолидир. Октябрь инқилобидан кўп ўтмай Туркистонда мухторият ташкил этилди. 1918 йил февраль ойида эса бу мухторият большевиклар ва Дашноқлар томонидан тугатилди.
Жадидлар XIX аср охирларидан бошлаб мактаб, маориф, маданият, театр, адабиёт ва матбуот соҳаларида фаолият олиб бордилар. Бу ҳаракатнинг натижаси сифатида матбуот нашрлари пайдо бўлди, миллий озодлик ва ҳуррият ҳақидаги тушунчалар шаклланди. Бу ғоялар доирасида жадидлар бирлашишни лозим деб билганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёшларга қилган алоҳида чақириқлари бор. У ёшлар билан катталар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишга ҳаракат қилган. Қозоқ биродарларига ёзган мактубларида ҳам «бу замон тафриқа замони эмас, бир-биримиздан айб излаш замони эмас, бу замон муроса ва бирлашиш замони», деган мазмундаги фикрларини билдирган.
Бу ғояларни Абдулла Қодирий бадиий асарда ҳам акс эттиради. Масалан, Қипчоқ ва Қорачопонлар ўртасидаги низо фонида Юсуфбек ҳожи «кўз олдимда янада каттароқ бир ёвни кўраман», деган мазмунда фикр билдиради. Бу ерда икки қавм ўртасидаги низони тўхтатиш, бирлашиш ва ташқи душманга қарши биргаликда туриш ғояси бор. Абдулла Қодирий бу фикрни метафорик усулда, адабиёт тили ва бадиий кўчим орқали ифода этган, деб ўйлайман.
Бу жараён фақат Туркистон жадидларига хос эмас. Қозоқларда ҳам Алаш Ўрда ҳаракати мавжуд эди. Уларда ҳам миллий мухторият ва мустақил давлат ғоялари илгари сурилган. Марказий Осиёда бирлашиш, яқинлашиш ғоялари турли шаклларда намоён бўлган.
Бу фикрларни бугунги кун билан ҳам боғлаш мумкин. Бугун қўшни давлатлар билан яхши муносабатларни ривожлантириш, адабиёт ва маданият соҳаларида ҳамкорлик қилиш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ҳатто ёзув ва тилларни бир-бирига яқинлаштириш каби жараёнлар инсонларнинг бир-бирини яхшироқ тушунишига хизмат қилади.
Туркий халқларни улкан бир дарахтнинг турли шохларига қиёслаш мумкин. Бугун улар турли шаклларда дунёга ўз мевасини бераётган бўлса-да, уларнинг асоси, негизи ва илдизи муштарак. Жадидлардан бугунги кунга олиб келинаётган ғоялардан бири ҳам ана шу яқинлик ва бирдамликдир.
Қаранг, бугун ўша орзу қилинган жараёнларнинг айримлари реал ҳаётда намоён бўлмоқда. Кейинги ўн йил ичида Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожлантириб келмоқда. Давлат раҳбарлари мулоқотлар ўтказмоқда, иқтисодий шартномалар тузилмоқда, маданий тадбирлар ва адабиёт кунлари ташкил этилмоқда.
Буларнинг барчаси жадидларнинг орзу ва армонлари сифатида қаралган ғояларнинг айрим жиҳатлари бугун реал ҳаётда намоён бўлаётганини кўрсатади. Инсоният ана шундай эзгу ғоялар атрофида бирлашиши керак.
— Бугунги кунда, айниқса сўнгги ўн йилликда қизлар ва хотин-қизлар таълими янги босқичга кўтарилди. Жадидлар ижодида ҳам бу масаланинг муайян жиҳатларини кўришимиз мумкин. Қодирий асарларида, хусусан, «Ўткан кунлар»да, Чўлпон ижодида хотин-қизлар масаласи қандай ўрин тутган? Жадидлар хотин-қизлар таълими ва уларнинг жамиятдаги фаоллигига қай даражада аҳамият берган?
— Жадидлар муҳитида хотин-қизлар алоҳида ўрин тутган. Масалан, Самарқандда Абдуқодир Шакурийнинг мактаби бўлган. Шакурийнинг ўзи ўғил болаларни ўқитган бўлса, унинг хотини қиз болаларга таълим берган.
Тошкентда Шокиржон Раҳимий ва унинг сафдошлари фаолиятида ҳам қиз болалар таълимига алоҳида эътибор қаратилган. Қизлар учун махсус мактаблар ташкил этилган ва уларда аёл муаллималар дарс берган.
Жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири Исмоил Гаспирали атрофида ҳам хотин-қизлар таълимига эътибор кучли бўлган. Қизлар учун алоҳида мактаблар ташкил этилган, уларга мўлжалланган нашрлар ҳам пайдо бўлган.
Шунинг учун жадидлар даврида хотин-қизларнинг таълим олиши қадимдан келаётган анъананинг янги босқичга кўтарилиши сифатида баҳоланиши мумкин. Уларнинг орасида татарлардан чиққан аёл муаллималар ҳам, маҳаллий халқ вакиллари бўлган маърифатпарвар аёллар ҳам бор эди. Бу жараён адабиётга ҳам кўчди.
Сўнгги йилларда жадид адабиётида хотин-қизлар образи, уларнинг талқини ва тадқиқига қизиқиш кучаймоқда. Жадидлар адабиётида таълим олган, маърифатли, жасур аёллар образи яратилган.
Бундан ташқари, жадидлар орасида Германияда таълим олган аёллар ҳам бўлган. Хайринисо ва Марям Султонмуродова каби шахслар бу борада алоҳида ўрин тутади. Жадидларнинг бир қисми Бокуда, бошқалари 1920-йилларда Москвада, ундан аввалроқ эса Уфадаги «Олия» мадрасасида таълим олган.
Менимча, ёш тадқиқотчилар жадид аёллар масаласини ҳам чуқурроқ ўрганишлари керак. Бу борада жуда кўп ибратли жиҳатлар бор. Чунки бугун бир қиз боланинг таълим олиши, олий маълумот эгаллаши, илмий тадқиқот билан шуғулланиши нафақат унинг шахсий тараққиёти, балки келажакда бутун бир оиланинг илм ва маърифат билан таъминланишига хизмат қилади.
— Сизнинг фикрларингиздан шуни англаш мумкинки, жадидлар маълум маънода бир-бирини тўлдирган. Масалан, Қодирий асарларида Кумушнинг китобхонлиги, Фузулийни ўқиши ёки «Меҳробдан чаён»даги Раъно образи орқали маърифатли аёл сиймоси яратилган. Чўлпон асарларида эса хотин-қизларнинг онгсизлиги, илмсизлиги оқибатида юзага келган фожиалар кўрсатилади. Бу икки ижодкорни шу нуқтаи назардан қандай баҳолайсиз?
— Чўлпон ижоди билан Абдулла Қодирий ижодини, албатта, қиёслаш мумкин. Улар бир даврда яшаган ва ўз ижодида даврнинг муҳим муаммоларини турлича талқин қилган.
Баъзан «қайси бири кучлироқ?» деган саволлар пайдо бўлади. Мен бундай қиёсни унчалик тўғри деб ҳисобламайман. Немис адабиётида Гёте ва Шиллер бир даврда яшаган. Веймарда уларнинг ҳайкаллари ҳам ёнма-ён турибди. Немислар «Гёте зўрми ёки Шиллер?» деган саволни қўйишдан кўра, миллат пешонасига шундай икки буюк инсоннинг битта даврда ёзилганини бахт деб билади.
Ўзбек адабиётида ҳам «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз» каби асарларнинг яратилиши адабиётимиз учун улкан туҳфа ва катта хазинадир.
Чўлпон ижодида танқидий муносабат кучли. Бу унинг ҳикояларида ҳам кўринади. Кейинчалик бу хусусият «Кеча ва кундуз» романидаги Зеби образида янада яққол намоён бўлади. Зеби қалби тоза, шеърият ва санъатга ошно, мусиқий қобилиятга эга. Аммо унинг сиёсий билими ва маърифати етарли даражада шаклланмаган.
Чўлпон романда рус миллатидан бўлган, маърифатли аёл Марям образини ҳам олиб киради. У орқали маърифат, маданият ва билимли бўлишнинг аҳамиятини кўрсатади.
Демак, Абдулла Қодирий ва Чўлпонда тасвирлаш усули турлича. Ҳар бири ўз нуқтаи назарини баён қилган. Шу маънода улар бир-бирини тўлдиради. Лекин бири иккинчисидан паст ёки баланд, деб баҳолаш тўғри эмас. Ана шундай улуғ сиймоларнинг ва буюк асарларнинг мавжудлиги ўзбек адабиётининг бахтидир.
— Энди суҳбатимизнинг кулминацион нуқтасига келсак. Биз жадидлар даври билан бугунги кунни бежизга қиёсламаяпмиз. Замонамизда ҳам жадидларнинг муносиб издошлари, уларнинг ғояларини давом эттираётган инсонлар борми? Қисқа қилиб айтганда, бугунги кун жадидлари кимлар?
— Барча замонларда миллатни, халқни, Ватанни, миллий маънавиятни ўйлайдиган фидойи инсонлар бўлади. Улар табиатан шундай яратилган. Бу тушунча китоб ўқиш, маърифат ва билим орқали шаклланади.
Масалан, кўчада бир одам йиқилиб ётган бўлса, маърифатли инсон «Бу одам нима учун шу аҳволга тушди? Унга қандай ёрдам беришим мумкин?» деб ўйлайди. Шифокор чақиришга ҳаракат қилади. Жоҳил инсон эса «Менга нима?» деган қараш билан ўз йўлида кетиши мумкин.
Жадидлар ҳам ўз даврида «Менга нима?» деган қарашда бўлмаган. Бугун ҳам миллат тақдирига бефарқ бўлмайдиган зиёлилар бор. Улар орасида тадбиркорлар, мактаб қураётган, кутубхона ташкил этаётган, китоб нашрига ёрдам бераётган инсонларни кўриш мумкин.
Баъзан кўчалардаги рекламалар, бинолар пештоқидаги ёзувларга қараб, «Бу одам пул топган, лекин сўз тополмаган», деб ўйлайман. Яъни инсон бойлик орттириши мумкин, аммо унинг миллий туйғуси ва маънавий дунёси ҳам шу бойлик билан бирга намоён бўлиши керак.
Шундай инсонлар борки, улар ўз бойлиги ва имкониятларини миллий туйғуларини ифодалайдиган иншоотлар, таълим ва маданият лойиҳаларига йўналтирмоқда. Улар профессор, ёзувчи ёки шоир бўлмаслиги мумкин. Лекин оддий халқ орасида ўзлигини англаган, жадидона кайфиятдаги, миллат келажаги ва унинг фаровонлиги ҳақида қайғурадиган инсонлар бор.
Зиёлилар орасида ҳам жадидлар даврини ўқиб-ўрганиб, жадидона кайфиятга кирган ва бу туйғуни бошқаларга етказаётган инсонлар бор.
Алоҳида таъкидлашни истардим: 2024 йил 1 январдан «Жадид» газетаси нашр этила бошлади. 2024 ва 2025 йиллар давомида, 2026 йилга келиб ҳам бу нашрнинг материалларини ўқиб кўрилса, бугун айтган фикрларимизнинг муайян жиҳатларига далиллар топиш мумкин.
Газетада замонамиздаги улуғ алломалар, адиблар ва олимларнинг суҳбатлари берилади. Уларнинг қарашлари, руҳияти ва фикрларида жадидона ғояларга ҳамоҳанг жиҳатларни кўриш мумкин.
Бугунги кунда бу газетанинг муҳим жиҳатларидан бири — айнан жадидона кайфиятдаги зиёлиларнинг қарашлари, тушунчалари ва фикрларини баён этиши учун катта минбарга айланганидир.
Бундай имкониятлар кўп. Фақат ҳар бир инсон, жадидлар сингари, аввало, ўзини англаб олиши керак. Агар инсон бой бўлса, ўз маблағини маърифатга йўналтириши керак. мактабларга, кутубхоналарга, китоблар нашрига ёрдам бериш мумкин. Мен олий ўқув юртида ишлайман. У ерда шартнома асосида ўқийдиган, лекин ўқиш пулини тўлашда қийналаётган талабалар ҳам бор. Агар кимдир шундай талабанинг контрактини билдирмай тўлаб қўйса, у бир аср аввал яшаган жадид боболарининг руҳини шод этган бўлади.
ЎзА мухбири Шербек Исломов суҳбатлашди.