Брюссель Украина ғалласи учун алоҳида шарт қўймоқчи
Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши жараёнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун алоҳида қоидалар жорий этилиши мумкин. Европа Комиссияси Украина дон маҳсулотларини ЕИ бозорига киритиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маблағларидан фойдаланишни чеклашни таклиф қилмоқда.
Европа Иттифоқи комиссари Марта Коснинг айтишича, Украина қишлоқ хўжалиги ҳажми ва тузилиши бошқа давлатлардан фарқ қилади. Шунинг учун Брюссель Киев учун махсус шартлар белгилаб, Европа фермерларини ҳимоя қилишни мақсад қилмоқда.
Таклиф Украина ЕИга тўлиқ аъзо бўлганидан кейин ҳам айрим маҳсулотларга бозор ва молиявий ёрдам бўйича чекловларни сақлашни назарда тутади. Комиссия шу билан бирга Украина ғалласи учун Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги анъанавий бозорларга чиқиш имкониятини тиклашни кўзламоқда.
Ташаббус Польша каби давлатларнинг хавотирларини ҳам ҳисобга олади. Улар Украинадан келадиган арзонроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маҳаллий фермерлар ва бозорга босим қилиши мумкинлигидан хавотирда.
Киев 2022 йилда ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берган, аммо жараён Венгриянинг қаршилиги сабаб узоқ вақт секинлашган эди. Энди музокаралар қайта жадаллашмоқда. Украина учун аниқ аъзолик санаси ҳозирча белгиланмаган: Брюссель унинг келажаги Россия билан уруш ва эҳтимолий тинчлик жараёни билан ҳам боғлиқ эканини тан олмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА