Талабалар учун замонавий турар жой фойдаланишга топширилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети филиали ҳудудида барпо этилган 400 ўринли талабалар учун турар-жой фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, олий таълим муассасалари ректорлари, филиал профессор-ўқитувчилари, шунингдек, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда объектнинг давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган йирик ижтимоий лойиҳалардан бири экани алоҳида қайд этилди. Қурилиш ишлари 2024 йилда бошланган бўлиб, қисқа вақт ичида замонавий талабларга жавоб берадиган 4 қаватли иншоот сифатида тўлиқ якунланган. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 28 миллиард сўмни ташкил этади.
Янги ётоқхонада талабалар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бинодаги хоналар тўлиқ жиҳозланган бўлиб, маънавият ва маърифат хоналари, дам олиш ҳудудлари, санитария-гигиена блоклари, ошхоналар ҳам ўрин олган. Шу билан бирга юқори тезликдаги интернет тармоғи ҳам мавжуд. Имконияти чекланган талабалар учун ҳам алоҳида мослаштирилган хоналар ташкил этилгани эътиборга молик.
Тадбир давомида иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, унинг амалий аҳамиятини таъкидладилар. Ёшлар учун бундай замонавий инфратузилманинг яратилиши уларнинг таълим олиш жараёнидаги юкламаларини енгиллаштириши ва сифатли яшаш муҳитини таъминлаши билан аҳамиятли экани қайд этилди.
Мазкур ётоқхона мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилгани билан ҳам рамзий маънога эга бўлиб, мамлакатда олий таълим тизимини ривожлантириш ва ёшлар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом этаётганини кўрсатади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири