Рақобат сиёсатининг 35 йиллик тараққиёти: соғлом бозор, тенг имконият ва истеъмолчи манфаати
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг муҳим шартларидан бири – соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки рақобат бор жойда танлов, сифат ва адолатли нарх бўлади. Энг муҳими, тадбиркорга тенг имконият, истеъмолчига эса ишончли ҳимоя яратилади.
Ўтган 35 йилда рақобат сиёсати ҳам замон талаблари асосида изчил такомиллашиб, монополияни чеклашдан рақобатни рағбатлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологияларни жорий этишгача бўлган катта йўлни босиб ўтди.
1. Рақобат сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори яратилди: «Монополистик фаолиятни чеклаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
2. Монополияга қарши биринчи махсус тузилма ташкил этилди: Молия вазирлиги таркибида Монополияга қарши ва нарх сиёсати бош бошқармаси ташкил қилиниб, рақобат муҳитини давлат томонидан тартибга солишнинг институционал асоси яратилди.
3. Рақобатни ривожлантириш алоҳида йўналишга айланди: Молия вазирлиги ҳузурида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди.
4. Истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолати кучайтирилди: «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, харидор ва хизматдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий асоси яратилди.
5. Монополияга қарши қонунчилик такомиллаштирилди: «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, монопол мавқени суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди.
6. Монополияга қарши орган мустақил мақомга эга бўлди: Монополияга қарши орган Молия вазирлиги таркибидан чиқарилиб, давлат қўмитаси мақомига эга бўлди. Унга республикада монополияга қарши сиёсатни амалга ошириш ваколати берилди.
7. Рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш уйғунлаштирилди: Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ташкил этилиб, рақобат муҳитини ривожлантириш билан бирга кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор кучайтирилди.
8. Рақобат муҳитини ҳимоя қилиш кучайтирилди: Монополияга қарши орган қайта ташкил қилиниб, унинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш функцияси бекор қилинди. Асосий эътибор соғлом рақобат муҳитини яратишга қаратилди.
9. Монополияга қарши сиёсатнинг қамрови кенгайди: Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил қилиниб, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополиялар фаолиятини назорат қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама бозорини тартибга солиш каби муҳим вазифалар бир тизимга бирлаштирилди.
10. «Рақобат тўғрисида»ги қонун қабул қилинди: мамлакатда рақобат муносабатларини тартибга солишнинг замонавий ҳуқуқий асосларидан бири шаклланди.
11. Нархларни шакллантиришда бозор механизмларига ўтиш бошланди: илгари маъмурий тартибда белгиланган 28 турдаги нарх босқичма-босқич бозор механизмларига ўтказилди. Биржа савдоларида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун максимал ҳажм ва спред чекловлари қўлланила бошланди.
12. Қўмита таклифлари асосида: 2024 йил поездларда кондиционер ишламаган ҳолатларда ушбу хизмат учун тўловни чипта нархидан чиқариб ташлаш механизми жорий этилди (тезюрар поездлар бундан мустасно);
Поездлар кечиккан ҳолатларда маҳаллий йўналишларда кечикиш вақтига қараб 15 фоиздан 100 фоизгача компенсация тўлаш тартиби белгиланди.
13. «Масъулиятли молия» лойиҳаси бошланди: German Sparkassenstiftung for International Cooperation билан ҳамкорликда рақобатни ривожлантириш, молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илғор тажрибаларни жорий этишга қаратилган «Масъулиятли молия» лойиҳаси амалга оширилди.
14. Рақамли трансформацияга қадам қўйилди: Рақобат қўмитаси ҳузурида Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази ташкил этилиб, соҳада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш учун янги имкониятлар яратилди.
15. Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ягона тизимда бирлаштирилди: маъмурий ислоҳотлар доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилди.
16. Ҳужжатларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш механизми жорий этилди: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби тасдиқланди. Бу рақобатни нафақат бозорда, балки қарорлар қабул қилиш жараёнида ҳам ҳисобга олиш имконини берди.
17. «Рақобат тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди: янги таҳрирдаги қонун рақобат муносабатларини замонавий иқтисодий шароитларга мослаштиришга хизмат қилди.
18. «Реклама тўғрисида»ги қонун такомиллаштирилди: реклама бозоридаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солишга қаратилган янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди.
19. Рақобат сиёсатини илмий асослашга эътибор кучайди: Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази илмий-таҳлилий фаолиятни йўлга қўйиб, соҳада қарорлар қабул қилиш учун тадқиқот ва таҳлилларни кучайтирди.
20. Сифатли давлат бошқарувида эътироф: рақобат қўмитаси раиси Ҳалилулло Турахўжаев «Сифатли давлат бошқаруви» дастури доирасида шаффофлик, қонунийлик, самарадорлик ва замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этишдаги фаолияти учун «Энг намунали қўмита раиси» номинацияси билан тақдирланди.
21. Рақобат қўмитаси Очиқлик индексида биринчи ўринни эгаллади: жамоатчилик фаолияти ҳақида тўлиқ, очиқ ва ишончли ахборот билан таъминлаш борасида Қўмита 90,9 балл тўплаб, давлат қўмиталари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
22. Бозорни илмий таҳлил қилиш кучайди: 100 дан ортиқ маҳсулот бўйича тўйинганлик таҳлиллари ўтказилди. Тухум, сут, картошка, гуруч ва гўшт каби маҳсулотлар нархини прогнозлашда замонавий эконометрик моделлар, жумладан ARIMA модели қўлланилиб, 80 фоизгача аниқликда прогнозларга эришилди.
23. Истеъмолчи манфаати амалда ҳимоя қилинди: 2023 йилдан 2026 йилнинг 7 ойига қадар истеъмолчилардан 137 785 та мурожаат келиб тушди. Кўрилган чоралар натижасида 11,7 миллиондан ортиқ истеъмолчининг манфаати таъминланиб, жами 399,3 миллиард сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
24. Товарлар хавфсизлиги назорати кучайтирилди: 560 номдаги маҳсулот бўйича назорат харидлари амалга оширилиб, экспертиза натижасида 111 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
25. Маблағларни истеъмолчиларга қайтариш белгиланди: 2025 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ томонидан жами 792 186 нафар истеъмолчидан қарийб 1,3 млрд. сўм ортиқча ҳақ ундирилгани аниқланиб, маблағларни истеъмолчиларга қайтариш белгиланди.
26. Рақамли платформалар ўзаро интеграция қилинди: тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги электрон платформаси ва Қўмитанинг «FAIRTECH» ахборот тизими тегишли давлат платформалари билан интеграция қилинди. Бу маълумотлар алмашинуви ва назорат жараёнларини янада тезкорлаштирди.
27. Рақобат муҳитини баҳолашнинг янги мезонлари яратилди: бизнес фаоллик, ҳудудий рақобатбардошлик ва рақобатни ривожлантиришга қаратилган индекслар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Ушбу ишлар «SCIENCE AND INNOVATION AWARDS – 2025» тадбирида «Йилнинг энг яхши тадқиқот маркази» номинацияси билан эътироф этилди.
28. «Истеъмолчи мурожаати» электрон тизими ишга туширилди: истеъмолчи, тадбиркор, нодавлат ташкилотлар ва давлат органларини ягона электрон тизимга интеграция қилиш орқали аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизми янада қулай, тезкор ва шаффофлаштирилди.
29. Эксклюзив ҳуқуқлар қисқартирилиб, бозорга йўл очилди: рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи эксклюзив ҳуқуқларни босқичма-босқич бекор қилиш амалиёти йўлга қўйилди. 24 та фаолият тури бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиниб, натижада қарийб 3 мингта тадбиркорлик субъекти учун бозорга киришда тенг шароит яратилди.
30. Рақамли маконда истеъмолчилар хавфсизлигига эътибор кучайтирилди: қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилувчи 167 та веб-сайт бўйича тегишли назорат органларига маълумотлар киритилди. Шундан қарийб 120 та сайт белгиланган тартибда блокланди.
31. Халқаро ҳамкорлик кенгайди: Туркия Савдо вазирлиги, Хитой Халқ Республикасининг Бозорларни тартибга солиш бўйича давлат маъмурияти ҳамда German Sparkassenstiftung ташкилоти билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат сиёсати ва кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
32. Уй-жой бозорида истеъмолчилар ҳуқуқи тикланди: кўп квартирали уйлардан хонадон харид қилишдаги муаммолар бўйича мурожаатлар ўрганилиши натижасида қарийб 1,3 минг нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. 22,2 миллиард сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
33. «FAIRTECH» – ақлли тизим: Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази фаолияти янги босқичга кўтарилди. «FAIRTECH» платформаси 50 дан ортиқ интеграция ва 1 миллиондан зиёд маълумот ёзувини қамраб олган комплекс тизимга айланди. Унга биржа назорати, комплаенс ва назорат харидлари каби янги йўналишлар интеграция қилинди. Сунъий интеллект асосида «AI-маслаҳатчи» каби ечимларни жорий этиш бошланди.
34. Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази илмий-таҳлилий марказ сифатида эътироф этилди: Ўзбекистондаги «Ақл марказлари» фаолиятига оид таҳлилий рейтингда ТОП–20 «Ақл марказлари» қаторига кирди.
35. Йирик инвестицияларда ҳам рақобат мезони кучайтирилди: Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 февралдаги 44-сон қарори билан йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ҳамда рақобатни таъминловчи стандартларни жорий этиш белгиланди. Рақобат қўмитасига йирик инвестиция лойиҳаларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш вазифаси юклатилди.
Нигора Раҳмонова тайёрлади, ЎзА