Воҳа чўлларидан замонавий тараққиёт сари
Бугун Янги Ўзбекистон замини глобал янгиланишлар ва стратегик ислоҳотларнинг улкан майдонига айланди. Мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар, аввало, инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, ҳудудларнинг ички имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини изчил юксалтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу вазифаларни амалга оширишда эса ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш ва янги тараққиёт нуқталарини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мамлакатнинг умумий тараққиёти ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти қай даражада самарали ишга солинаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, ҳар бир вилоят ва туманнинг ўзига хос “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, уларни ҳаракатга келтирувчи кучли ҳуқуқий-иқтисодий механизмларни яратиш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Ана шундай улкан салоҳиятга эга ҳудудлардан бири – Қашқадарё вилояти. Бой табиий ресурслари, қадимий деҳқончилик анъаналари, ишбилармонлик муҳити, меҳнаткаш халқи ва энг муҳими, беқиёс инсон капитали билан ажралиб турадиган бу воҳа мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Қашқадарё деганда, аввало, меҳнаткаш ва фидойи инсонлар, улкан иқтисодий имкониятлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити кўз олдимизга келади. Айни дамда воҳанинг ана шу кўп қиррали салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятларни замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш ва ҳар бир фуқаро ҳаётида реал ўзгаришларни таъминлаш йўлида тарихий бурилиш палласи кечмоқда.
Айниқса, ҳудудда иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бир қаторда, аҳолининг бандлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани яхшилаш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш каби йўналишларнинг бир-бири билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани эътиборга молик. Бу жараёнларнинг барчаси бир мақсадга – Қашқадарёни замонавий, рақобатбардош, инвестициялар учун жозибадор ва аҳоли учун муносиб яшаш ҳамда меҳнат қилиш шароитлари яратилган ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 13 март куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ПҚ-96-сонли қарор Қашқадарё вилояти ривожида янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Қарор доирасида вилоятни ривожлантириш учун 1,4 триллион сўм маблағ ажратилган. Бу маблағнинг ўзи ҳудуд олдига қўйилган вазифаларнинг кўлами ва аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга, вилоят иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш учун инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард долларга, экспортни эса 727 миллион АҚШ долларига етказиш каби аниқ мақсадлар белгилаб берилган.
Бу рақамлар шунчаки иқтисодий кўрсаткичлар эмас. Уларнинг ортида янги ишлаб чиқариш корхоналари, янги иш ўринлари, аҳоли даромадларининг ортиши, янги технологиялар, экспортбоп маҳсулотлар ва ҳудуднинг халқаро иқтисодий алоқаларини кенгайтириш каби улкан вазифалар мужассам.
Бугун ушбу вазифалар ижроси доирасида ҳудуднинг барча тармоқларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда қатор туманларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу эса иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бирини, яъни, иқтисодий ўсишнинг бевосита аҳоли ҳаётида акс этишини таъминлашга қаратилган.
Янги автомобиль йўлларининг қурилиши ва реконструкция қилиниши, Қамаши туманида “Янги Ўзбекистон” массивининг барпо этилиши, ичимлик ва оқова сув тармоқларининг кенгайтирилиши, электр тармоқларининг модернизация қилиниши ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида юз минглаб аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш кўзда тутилган.
Ҳудуд инфратузилмасининг ривожланиши эса, ўз навбатида иқтисодий фаоллик учун янги имкониятлар яратади. Йўллар яхшиланиши, электр ва сув таъминотининг барқарорлашиши, янги массивлар ва замонавий инфратузилманинг барпо этилиши нафақат аҳоли учун қулайлик, балки тадбиркорлар ва инвесторлар учун ҳам муҳим омилдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар бир-биридан алоҳида лойиҳалар эмас, балки ягона тараққиёт занжирининг узвий бўғини десак, ўринли бўлади.
Ҳаммага маълум, Қашқадарёнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги алоҳида ўрин тутади. Воҳанинг ер-сув ресурслари, деҳқончилик анъаналари ва меҳнат салоҳияти ушбу соҳани ривожлантириш учун катта имкониятдир. Шу боис бу соҳада ҳам мутлақо янги ёндашувлар асосида иш олиб борилмоқда. Асосий эътибор ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Eрларни қайта қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, “Ақлли қудуқлар” платформасини ишга тушириш, “Agrostar” тизимини ташкил қилиш, чорвачилик ва озуқа етиштиришни ривожлантириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш каби чора-тадбирлар воҳанинг аграр салоҳиятини юксалтириш учун чора-тадбир сифатида белгилаб олинган.
Аммо бугун қишлоқ хўжалигига фақат анъанавий ишлаб чиқариш тармоғи сифатида қарашнинг ўзи етарли эмас. Замонавий аграр сиёсатда ер, сув, техника, илм-фан, рақамли технология ва инсон омилини бир бутун тизим сифатида қараш талаб этилмоқда. Шу жиҳатдан, сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши ва “Ақлли қудуқлар” платформасининг ишга туширилиши ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда иш юритилаётганидан дарак.
Қишлоқ хўжалигида янги ёндашувларнинг жорий этилиши фермер ва деҳқонлар учун ҳам янги имкониятларни юзага келтиради. Замонавий технологиялардан фойдаланиш меҳнат унумдорлигини ошириш, харажатларни оптималлаштириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати, инсон капиталига бўлган эътиборнинг кучайтирилаётгани. Дарҳақиқат, ҳар қандай иқтисодий дастурнинг муваффақияти, аввало, уни амалга оширадиган инсонларга боғлиқ. Замонавий корхоналарни барпо этиш, янги технологияларни ўзлаштириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун билимли, касб-ҳунарли ва ташаббускор кадрлар зарур. Шу маънода, Қашқадарёда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган вазифалар иқтисодий ислоҳотлар марказида турибди.
Вилоятда мактабгача таълим қамровини 80 фоиздан ошириш, 18 мингдан зиёд хотин-қизлар учун даромад манбаини яратиш, Германия билан ҳамкорликда ёшларни хорижий тил ва касбларга ўқитиш, 50 минг нафар фуқарони Европа давлатларида меҳнат фаолиятига тайёрлаш каби вазифалар ҳам белгилаб олинган. Зеро, бу рақамлар ортида минглаб инсонларнинг тақдири, оилаларнинг фаровонлиги ва ёшларнинг келажак режалари мужассам.
Айниқса, хотин-қизлар учун даромад манбаларининг яратилиши оила фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш эса уларнинг нафақат ички, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош бўлиши учун замин яратади десак, адашмаган бўламиз. Шу боисдан, вилоят мутасаддилари бунга алоҳида эътибор билан қарайдилар.
Инсон капиталига сармоя киритишнинг энг катта самараси шундаки, унинг натижаси бир кунлик ёки бир йиллик кўрсаткич билан чекланмайди. Билим ва касбга эга бўлган инсон кейинчалик янги имкониятларни ўзи яратади, оиласи ва жамияти тараққиётига ўз-ўзидан ҳисса қўшади.
Бу ташаббуслар, аввало, аҳоли, айниқса ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг замонавий касбларни эгаллаши ва муносиб даромад топиши учун кенг шароит яратади.
Вилоятда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва янги иш ўринларини яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. “Қашқадарё эркин иқтисодий зонаси” ҳудудида қиймати 195 миллион долларлик 26 та янги лойиҳа ишга туширилди. Ҳар бир янги лойиҳа, бу янги ишлаб чиқариш қуввати, янги технология ва энг муҳими, янги иш ўринлари демак. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва ҳудуд иқтисодий фаоллигини кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Жумладан, “Sulton Tex Group” МЧЖ томонидан қиймати 120 миллион доллар бўлган, 3500 та иш ўрнига эга, Ўзбекистондаги уникал сувни исроф қилмайдиган мато, тайёр кийим-кечак ва гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилиш жараёнида. Мазкур лойиҳанинг аҳамияти унинг ҳажмидагина эмас, балки ишлаб чиқариш йўналишининг замонавийлигида ҳам намоён бўлади.
Шунингдек, “Муборак” инновацион саноат зонаси ва “Қарши” яшил технологиялар саноат зонасида 2026-2027 йилларда умумий қиймати 1,1 миллиард доллардан зиёд 36 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда қарийб 6 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудуд саноат салоҳиятини янада ошириш билан бирга, маҳаллий аҳоли учун янги меҳнат имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Бугун дунё меҳнат бозорида касб ва малакага бўлган талаб ортган. Шу боис ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш ва уларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш муҳим вазифага айланиб улгурди. Қашқадарёда ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланган, янаям аниқроғи, халқаро меҳнат бозори учун касбий тайёргарлик йўналишида Германия билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Режага кўра, 2026 йилда 3 минг, 2027 йилда 5 минг нафар ёшни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиб, тартибли меҳнат миграцияси асосида ишга йўналтириш кўзда тутилган. Бу мақсадда Қарши шаҳрида Таълим ва технологиялар маркази очилди. Марказ ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, уларнинг хорижий тилларни ўрганиши ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиши учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Қашқадарёда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштирувчи асосий мақсад бор. Бу – инсон манфаати. Ахир, янги йўллар инсоннинг манзилга тез ва қулай етиб бориши учун хизмат қилади. Яхшиланган ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратади. Модернизация қилинган электр тармоқлари хонадонлар ва ишлаб чиқариш объектларининг барқарор фаолиятига замин яратади. Янги саноат корхоналари иш ўринларини яратади. Инвестиция лойиҳалари иқтисодий фаолликни оширади. Қишлоқ хўжалигидаги янги технологиялар деҳқон ва фермерларнинг имкониятларини кенгайтиради. Замонавий касбларга ўқитилган ёшлар эса ўз келажагини янада ишончли қуриш имкониятига эга бўлади.
Демак, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонлик бир-биридан ажралган тушунчалар эмас. Аксинча, улар бир-бирини тўлдириб, ягона тараққиёт жараёнини шакллантиради.
Қашқадарёда бугун амалга оширилаётган ишлар ана шу яхлит ёндашув асосида йўлга қўйилмоқда. Президентимизнинг ушбу тарихий қарори шунчаки назарий режалар мажмуи эмас, балки Қашқадарёнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган мукаммал ва ҳаётий дастурдир. Ушбу ҳужжат воҳанинг стратегик салоҳиятини ҳаракатга келтирувчи кучли локомотив вазифасини бажармоқда. Чунки бугун белгиланаётган ҳар бир вазифа аниқ мақсад ва аниқ натижага йўналтирилган.
Бир томонда улкан инвестиция лойиҳалари, янги ишлаб чиқариш корхоналари ва замонавий саноат зоналари барпо этилса, иккинчи томонда инсон капиталига, таълимга, касб-ҳунарга ва ёшларнинг келажагига эътибор кучайтирилмоқда.
Миллиард долларлик ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий рақамли инфратузилма ва инсон капиталига йўналтирилган тизимли инвестициялар ҳар бир воҳалик учун муносиб меҳнат шароити, фаровон ҳаёт ва порлоқ истиқболнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда. Айни пайтда, тараққиётни фақат янги бинолар, йўллар ёки корхоналар сони билан баҳолаб бўлмайди. Унинг ҳақиқий мезони, одамлар ҳаётидаги ўзгаришдир. Агар янги корхона иш ўрни яратса, оила даромади ошса, ёш мутахассис ўз касби бўйича ишласа, тадбиркор янги бизнесини йўлга қўйса, қишлоқ аҳолиси замонавий технологиялар асосида иш юритса — ана шунда ислоҳотларнинг самараси инсон ҳаётида намоён бўлади. Қашқадарёдаги бугунги жараёнлар айнан ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.
Воҳанинг бой табиий ресурслари ва иқтисодий имкониятлари инсон капитали билан уйғунлашган тақдирдагина барқарор тараққиётга эришиш мумкин. Шу боис таълим, касб-ҳунар, хорижий тиллар, замонавий технологиялар ва ёшларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари иқтисодий вазифалар билан бир қаторда тургани бежиз эмас.
Айниқса, ёшларга берилаётган эътибор воҳанинг узоқ муддатли тараққиёти учун ғоятда муҳим. Чунки бугун билим ва касб эгаллаётган ёшлар эртага янги корхоналарни бошқаради, янги маҳсулотлар яратади, инновацион ғояларни амалга оширади ва янги иш ўринларини ташкил этади. Шу маънода, Қашқадарёнинг бугунги тараққиёт стратегияси фақат бугунги кун эҳтиёжларини эмас, балки эртанги авлод манфаатларини ҳам қамраб олган.
Қисқаси, воҳада шаклланаётган янги иқтисодий муҳит, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, ривожланаётган саноат, модернизация қилинаётган инфратузилма, замонавий технологиялар билан бойиб бораётган қишлоқ хўжалиги ва энг муҳими, билимли, касбли ва ташаббускор авлод — Қашқадарёнинг келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевордир. Унда амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистоннинг умумий тараққиёт суръатларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Саидвафо Бобоев,
ёзувчи