Пешкунинг бир гуруҳ ёшлари ва нуронийлари Бухоро туманида
Мустақиллик — бу нафақат тарихий сана, балки халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, миллий ғурури ва эртанги кунга бўлган ишончини ифода этувчи буюк қадриятдир. Юртимиз истиқлолининг 35 йиллиги арафасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси асосида ташкил этилаётган тадбирлар эса ана шу улуғ туйғуларни янада юксалтириб, халқимизни бир мақсад ва эзгу ниятлар атрофида бирлаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда маҳаллалар, ҳудудлар ва авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида Пешку туманидан ташриф буюрган бир гуруҳ нуронийлар ва ёшлар Бухоро туманида бўлиб, ҳудуднинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳамда ёшлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Ташрифнинг дастлабки манзилларидан бири “Нақшбанд ҳунармандчилик маркази” бўлди.
Бу масканда меҳмонлар миллий ҳунармандчилигимизнинг асрлар давомида сайқал топган анъаналари, усталарнинг ижодий фаолияти ва ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Марказдаги муҳит меҳмонларга бир ҳақиқатни яна бир бор ҳис эттирди: миллий ҳунар — бу шунчаки касб эмас, балки халқнинг тарихи, диди, тафаккури ва маънавий хотирасини авлодларга етказувчи тирик меросдир.

Айниқса, ёшларни устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунарга ўргатиш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш ва меҳнат орқали ўз келажагини барпо этиши учун яратилаётган шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф иштирокчилари Чорбакр зиёратгоҳини ҳам зиёрат қилди.
Ушбу қадимий қадамжо халқимизнинг бой тарихи, маънавий мероси ва буюк аждодларимиздан қолган ибрат мактабининг ёрқин намуналаридан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Зиёрат давомида аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси, миллий қадриятларимиз ва асрлар давомида шаклланган эзгу анъаналар ҳақида фикр алмашилди.
Нуронийлар учун бу маскан хотира ва тафаккур манзили бўлса, ёшлар учун аждодлар ҳаёти ва меросидан ибрат олиш, ўзлигини англаш ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топиш имкони бўлди.

Меҳмонлар Бухоро тумани Ёшлар маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Бу ерда ёшлар учун яратилган замонавий шароитлар, турли йўналишлардаги тўгараклар, маънавий-маърифий тадбирлар ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бугун ёшларга яратилаётган имкониятлар, аввало, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан чекланиб қолмаяпти. Ёш авлоднинг билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, янги Ўзбекистоннинг эртанги қиёфаси бугун билим, касб ва юксак мақсад сари интилаётган ёшлар қўлида шаклланади.
Ташрифнинг яна бир муҳим манзили Нуронийлар маскани бўлди.
Бу ерда Пешку тумани ва Бухоро тумани нуронийлари ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбатларда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқ фаровонлиги, ёшлар тарбияси, оила ва маҳаллада маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш каби муҳим масалалар ҳақида фикр юритилди.

Айниқса, катта авлод вакилларининг ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган йўллари, эзгу маслаҳат ва ўгитлари ёшлар учун ўзига хос ҳаёт мактаби бўлди.
Нуронийларнинг самимий тилаклари, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми билан уйғунлашган ушбу мулоқотларда авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликнинг нақадар мустаҳкам экани яна бир бор намоён бўлди. Бундай ташрифлар оддий саёҳат ёки тажриба алмашув эмас. Унинг замирида халқни халққа, ҳудудни ҳудудга, авлодни авлодга яқинлаштиришдек улкан мақсад мужассам.
Пешкулик нуронийлар ва ёшларнинг Бухоро туманига ташрифи давомида тарих ва бугунги кун, анъана ва замонавийлик, катта авлод тажрибаси ва ёшларнинг шижоати бир нуқтада уйғунлашди. Энг муҳими, меҳмонлар Бухоро туманидаги ўзгаришлар билан танишар экан, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги амалий ишлар мисолида ҳис этди.

“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган ғоянинг ҳаётий мазмуни ҳам айнан шунда — бир Ватан фарзандлари бир-бирининг ютуғидан қувониб, тажрибасидан ўрганиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб, умумий мақсад сари биргаликда интилади.
Бугун Ўзбекистонда турли ҳудудлар аҳолиси ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган бундай ташаббуслар тобора кенг қулоч ёймоқда.
Чунки тараққиётнинг энг катта кучи — халқнинг бирлиги. Ёш авлодга йўл кўрсатадиган нуронийлар, юрт келажагини барпо этадиган ёшлар ва уларни бирлаштириб турадиган умумий Ватан туйғуси бор экан, эзгу мақсадларга эришиш мумкин.

35 йиллик мустақил тараққиёт йўлимизга назар ташласак, энг катта бойлигимиз — тинчлик, энг катта кучимиз — халқ бирлиги, энг катта ишончимиз эса ёшларимиз экани яққол намоён бўлади.
Пешку ва Бухоро тумани вакиллари ўртасидаги бугунги самимий учрашувлар ҳам ана шу эзгуликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, Ватан ягона бўлса, мақсад ягона бўлади. Мақсад ягона бўлса, халқ бирлашади. Халқ бирлашган юртда эса янги ҳаёт, янги имкониятлар ва буюк келажак учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири