Битирувчиларнинг мактабдан кейинги таълим ва касбий фаолиятга оид режалари ўрганилди
Ҳар бир ёшнинг ўз орзуси, интилиши ва келажакка оид режалари бор. Кимдир олий таълим муассасасида таҳсил олишни, яна кимдир техникумда касб-ҳунар эгаллашни, бошқаси эса тадбиркорлик орқали ўз ишини бошлашни мақсад қилади. Энг муҳими, ёшларнинг қайси йўлни танлашидан қатъи назар, уларнинг қобилияти ва қизиқишини тўғри йўналтириш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мустақил ҳаётга ишонч билан қадам қўйиши учун зарур шароит яратишдир.
Президентимиз томонидан ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига қаратилаётган эътибор ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу борада таълим муассасалари зиммасига нафақат билим бериш, балки ҳар бир ўқувчининг келажакдаги ҳаёт йўлини белгилашда кўмаклашишдек муҳим вазифа ҳам юкланмоқда.
Бухоро вилояти Таълим ва илм-фан бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев раислигида Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактаблари директорлари, директор ўринбосарлари, мактаб маслаҳатчилари ҳамда психологлари иштирокида ўтказилган йиғилишда айни шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровномалар натижалари таҳлил қилиниб, битирувчиларнинг мактабдан кейинги таълим ва касбий фаолиятга оид режалари ўрганилди. Хусусан, олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш, техникумларда касб-ҳунар ўрганиш ёки тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар билан манзилли ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ёндашувнинг аҳамияти шундаки, битирувчиларнинг барчасига бир хил талаб ва тавсиялар билан мурожаат қилиш эмас, балки ҳар бир ёшнинг шахсий қизиқиши, қобилияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, унга мос йўналишни белгилаш кўзда тутилмоқда. Зеро, кимдир олий маълумот олиш орқали ўз салоҳиятини намоён этса, бошқаси замонавий касбни эгаллаш ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали жамиятда муносиб ўрин топиши мумкин.

Шу мақсадда ҳар бир йўналишдаги битирувчилар билан ишлаш учун мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари, мактаб маслаҳатчилари ва психологлар масъул этиб бириктирилди. Ўқувчиларнинг қизиқишларини чуқур ўрганиш, касбий йўналишини тўғри танлашига кўмаклашиш, таълимни давом эттириш ёки меҳнат фаолиятини бошлаш билан боғлиқ режаларини амалга ошириш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Айниқса, психологлар ва мактаб маслаҳатчиларининг бу жараёндаги иштироки муҳим. Чунки битирув даври ёшлар ҳаётидаги энг масъулиятли босқичлардан бири бўлиб, бу пайтда тўғри берилган маслаҳат, ўз вақтида кўрсатилган кўмак ва ота-она ҳамда устозларнинг қўллаб-қувватлаши келгуси ҳаёт йўлини белгилашда катта аҳамият касб этади.

Эътиборлиси, белгиланган вазифаларнинг асосий мезони — бирорта ҳам битирувчини эътибордан четда қолдирмаслик. Бу эса ҳар бир ёшнинг режаси, имконияти ва интилишини алоҳида ўрганиш, унинг келажагига бефарқ бўлмасликни тақозо этади.
Зеро, таълимнинг ҳақиқий самараси нафақат ўқувчининг олган билими, балки унинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, муносиб касб эгаси бўлиши ва жамият тараққиётига ҳисса қўша олиши билан ҳам белгиланади. Бугун битирувчилар билан йўлга қўйилаётган манзилли ишлаш тизими ҳам ёшларнинг орзу-мақсадларини амалий натижага айлантириш, уларни мустақил ҳаётга пухта тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири