Прокуратуранинг ўз “Яшил макони” бўлади
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятида 2026 йил кузги мавсумда 11 миллион 127 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган.
Айни чоғда, вилоятнинг яшил ҳудудларини кенгайтириш ва экологик муҳитини яхшилаш вазифаси ҳам бажарилади. Бу ишга барча бирдек ҳисса қўшяпти.

Ҳатто прокуратура идоралари ҳам. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Прокуратуранинг 35 йиллигига – 35 минг туп дарахт» акцияси амалга оширилмоқда. Фарғона прокуратураси ҳам ушбу акция доирасида Экoшаҳарда махсус хиёбон ташкил этилиб, кенг кўламли кўчат экиш тадбирини ўтказди.

Унда прокуратура органлари ходимлари, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этиб, ҳудудга турли манзарали дарахт кўчатларини экдилар.

Мазкур ташаббус шаҳар экологиясини яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим тадбир бўлди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА