Ўзбекистон 2027 йилдан Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзосига айланади
Гамбург шаҳрида Халқаро электротехника комиссияси (IEC) Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир рақамли трансформация, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, электротехника маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда миллий стандартлаштириш органларининг халқаро жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш каби муҳим йўналишлардаги масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, мамлакатимиз 2027 йил 1 январдан бошлаб Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзоси мақомига эга бўлади.
Маълумот учун, Халқаро электротехника комиссияси (IEC — International Electrotechnical Commission) энергетика, электротехника ва электроника соҳаларида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш билан шуғулланувчи нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон тарихида илк бор Стандартлар институти мутахассислари “IEC Young Professionals Programme” дастурида иштирок этди. Бу дастурда қатнашиш Ўзбекистон миллий мутахассисларига халқаро стандартлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш, замонавий билим ва касбий кўникмаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Шунингдек, IEC билан ҳамкорликни кенгайтириш маҳаллий электротехника маҳсулотларининг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда миллий сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ушбу йуналишдаги олиб борилаётган ишлар самараси шундаки, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, техник регламентлар ва стандартларни халқаро меъёрларга уйғунлаштириш савдодаги техник тўсиқларни камайтириш, миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг халқаро савдо тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга замин яратади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА