Яшил ҳудудлар — экологик барқарорлик ва соғлом келажак пойдевори
Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва дарахтзорлар барпо этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим вазифалардан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эса бу борадаги эзгу мақсадларни аниқ амалий ишлар билан уйғунлаштириб, ҳар бир ҳудудда ободонлик ва кўкаламзорлаштириш ҳаракатини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Айниқса, бугунги кунда иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётган бир шароитда ҳар бир экилган кўчатнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Зеро, дарахт экиш фақат ҳудудни обод қилиш эмас, балки келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган масъулиятли вазифадир.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнда Бухоро вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби ҳам фаол иштирок этиб, табиатни асраш ва яшил ҳудудларни кўпайтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Бошқарма бошлиғи Б. Муратов раҳбарлигида божхона ходимлари умумхалқ ҳашари доирасида ободонлаштириш ишларига жалб этилди. Хусусан, вилоятда янгидан барпо этилаётган халқаро аэропортга туташ ҳудуд ҳамда автомобиль йўллари бўйларининг экологик қиёфасини яхшилаш, манзарали яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида 1 минг тупдан ортиқ дарахт кўчати белгиланган агротехник талаблар асосида экилди.
Шунингдек, Олот туманида ҳам кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Кузги мавсум давомида божхона ходимлари томонидан 9 минг 200 туп тут кўчати ўтқазилиб, амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар “Яшил макон” электрон платформасига киритилиши таъминланди.

Эътиборлиси, бу каби ташаббусларнинг аҳамияти фақат экилган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг келгусида парваришланиши, кўкариб, ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилашга хизмат қилиши билан ҳам белгиланади. Шу маънода, кўкаламзорлаштириш ишларида агротехник талабларга риоя этиш ва ҳар бир ниҳолнинг келажаги учун масъулиятни ҳис қилиш муҳимдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири