Истеъмолчиларга суюлтирилган газ ўз вақтида етказилмоқда
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнларида истеъмолчилар учун бир қатор қулайликлар яратилиб, хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолига маиший газ баллон етказиб бериш тадбирларига эндиликда вилоят ИИБ тасарруфидаги Қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам жалб этилган бўлиб, бу назорат ва шаффофлик барқарорлигига, тизимда талон-торожлар олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Навбаҳор туманида ҳам бу борада қатор ишлар амалга ошириляпти. Айни пайтда ҳудудда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 19,7 мингтани ташкил этади.

– Аҳолига маиший газ баллон етказиб беришда олтита махсус транспорт жалб этганмиз, – дейди “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Феруз Нурназаров. – Шунингдек, вилоят ИИБ томонидан ҳам 3 та қўшимча транспорт воситаси ажратилган бўлиб, бу истеъмолчиларга суюлтирилган газни кечиктирилмай ўз вақтида етказиб беришга ҳисса қўшмоқда.
Туманнинг Ўзбекистон маҳалласида суюлтирилган газ истеъмолчилари сони минг нафардан ошади. Бу ерда ҳар 30-35 кунда маиший газ баллон аҳолига етказилмоқда.

– Суюлтирилган газ етказилиши бўйича муаммомиз йўқ, – дейди шу маҳаллада яшовчи Азима Эргашева. – Бугун ҳам маиший газ баллон етказишди. Бундан хурсандмиз, албатта. Бирор мурожаатимиз бўлса, маҳалла раисларига бириктирилган телеграм гуруҳлари орқали билдирамиз. Ички ишлар ходимлари ҳам ҳар бир истеъмолчига газ баллон етказилишини назорат қилиб боришяпти.
Тизимда амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар юртимизда инсон қадри ва манфаатлари олий қадрият эканлигининг исботидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири