Битирувчилар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини яратувчилардир
Жиззах вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири кўтаринки руҳ, юксак ҳаяжон ва эзгу орзу-интилишлар оғушида ўтди.
Эрталаб соат 08:00 да Давлат мадҳияси садолари остида бошланган байрам тадбирлари Жиззах телевидениеси орқали тўғридан тўғри эфирда намойиш этилди. Бу нафақат битирувчилар, балки устоз-мураббийлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик учун ҳам унутилмас ва ғурурли лаҳзаларга айланди.
Жиззах шаҳридаги “Киберарена” мажмуасида ташкил этилган марказий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг битирувчиларга йўллаган самимий табриги вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбарининг ҳар бир сўзида Янги Ўзбекистоннинг таянчи бўлган ёш авлодга юксак ишонч, чексиз меҳр ва улкан умид мужассам эди.
Дарҳақиқат, бу йил Жиззах вилояти мактабларини 44 минг 653 нафар битирувчи тамомламоқда. Шундан 25 минг 78 нафари 9-синф, 19 минг 575 нафари эса 11-синф ўқувчиларидир. Бу рақамлар оддий статистика эмас. Бу — Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини яратадиган, мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган улкан интеллектуал ва маънавий салоҳият ифодасидир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, битирувчилар сони бўйича Жиззах шаҳри етакчилик қилмоқда. Хусусан, шаҳарда 4 минг 90 нафар 9-синф ва 3 минг 320 нафар 11-синф ўқувчиси мустақил ҳаёт остонасига қадам қўймоқда. Ғаллаорол, Зомин ва Шароф Рашидов туманлари ҳам битирувчилар сони бўйича вилоятнинг йирик ҳудудлари сифатида қайд этилди.
Вилоятда билимли, иқтидорли ва интилишдан тўхтамайдиган ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани медаль олган битирувчилар мисолида янада яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилда 223 нафар ўқувчи олтин, 54 нафар битирувчи эса кумуш медал соҳиби бўлди. Бу — таълим сифатини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар, устозларнинг фидокорона меҳнати ва ота-оналарнинг юксак эътибори самарасидир.
Айниқса, Жиззах шаҳрида 71 нафар олтин ва 12 нафар кумуш медал соҳибининг вояга етгани воҳада таълим муҳити йил сайин юксалиб бораётганини кўрсатади. Ғаллаорол, Шароф Рашидов ва Зомин туманларида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Бу эса ҳудудларда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши ва иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради.
[gallery-29628]
Тадбир доирасида вилоят бўйича 300 дан ортиқ иқтидорли ўқувчига имтиёз асосида олий таълим муассасаларига қабул қилингани муносабати билан ҳокимликнинг табриги ва эсдалик совғалари топширилди. Намунали хулқи, юксак билими ва фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёшларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Президентимиз ўз табригида "Меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраяпти” дея таъкидлагаб ўтди.
Бу фикрлар Жиззах ёшлари учун ҳам муҳим ҳаётий дастурга айланмоқда. Бугун вилоят мактабларини тамомлаётган минглаб ёшлар орасида эртанги муҳандислар, IT мутахассислари, олимлар, тадбиркорлар ва Ватан тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган етакчилар камол топаётгани шубҳасиз.
Онлайн трансляция якунланганидан сўнг “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари шаҳар ва туманлардаги барча мактабларда давом эттирилди. Қувонч ва ҳаяжонга тўла онларда битирувчилар устозларига миннатдорлик билдирди, болаликнинг беғубор ва унутилмас дамлари билан хайрлашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари