Музей ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди
Сўнгги йилларда музейлар ва музей ходимларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
23-24 май кунлари Хива шаҳрида музей раҳбарлари ва ходимлари учун “Замонавий музейлар ва рақамли фондлар: инновацион бошқарув стратегиялари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда 100 дан зиёд музей ходимлари иштирок этди. Семинар-тренингда бугунги кунда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳолини музейларга кенг жалб қилиш, сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Сабаби, бугунги кунда ёшларни музейларга жалб қилиш оғриқли муаммоларимиздан. Семинар-тренингни Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбораси Элмурод Нажимов, Хива шаҳар хокими Темур Давлатов очиб берди. Тадбир давомида соҳа мутахассислари музей фаолиятини тарғиб қилишда PR-технологияларнинг ўрни, музей ашёларини қайд этиш ва илмий рўйхатга олишда сунъий интеллект интеграцияси каби мавзуларда маъруза қилди.

Тадбир давомида соҳада кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган фидойи музей ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу рағбатлантириш ходимларни янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
24 май куни музей ходимлари учун Ичан-қалъа бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Очиқ осмон остида жойлашган бу музей йиллар давомида чет эллик меҳмонларни ҳам ўзига жалб қилиб келмоқда. Бундай экскурсиялар ходимларнинг малакасини ошириш, музей соҳасида янгиликларни ўрганишга ёрдам берди.

Ичан қалъа — Ўзбекистоннинг энг қадимий ва сирли тарихий масканларидан бири. У Хива шаҳрининг ички қалъаси ҳисобланади. Қалин деворлар билан ўралган бу ҳудуд қадим замонлардан буён бутун бошли тарихий шаҳар сифатида сақланиб келмоқда. Шу сабаб Ичан қалъа кўпинча “Очиқ осмон остидаги музей” деб аталади.
Ичан қалъа ҳудудида ўнлаб мадраса, масжид, минора ва саройлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўзига хос меъморчилик услуби ва тарихига эга. Айниқса, Калта Минор минораси ўзининг мовий кошинлари билан сайёҳларни ҳайратга солади. Бу минора жуда баланд қилиб қурилиши режалаштирилган, аммо қурилиш тугалланмай қолгани сабаб “Калта Минор” деб ном олган.

Қалъанинг энг машҳур жойларидан яна бири Кўҳна Арк саройидир. Бу ер қадимда ҳукмдорлар яшайдиган ва давлат ишлари олиб бориладиган марказ бўлган. Шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳам муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. 1990 йилда ЮНЕСКО Ичан қалъани Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган. Бу эса унинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё маданий мероси учун муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Ичан қалъада сайр қилиш жараёнида ўзимизни гўё бир неча аср олдинги Шарқ шаҳрига тушиб қолгандек ҳис қилдик. Қадимий кўчалар, деворлар ва мовий кошинлар тарих нафаси билан уйғунлашиб, инсон қалбида унутилмас таассурот қолдиради.
Гулнора РАЖАБОВА,
Сергей Бородин уй-музейи директори
ЎзА