“Ёш китобхон” танлови ғолибаси Термизда тантанали кутиб олинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё ёшлари яна бир бор ўз билими ва салоҳияти билан юксак натижани қайд этди. “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтиб, унда иштирокчилар ўзининг китобхонлик маданияти, кенг дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини намоён этди.
Танловнинг энг қувонарли воқеаларидан бири 20-30 ёш тоифасида Узун тумани Боботоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Фазилат Диёрованинг ёрқин иштироки ва қўлга киритган ғалабаси бўлди. Унинг муваффақияти нафақат яқинлари, балки бутун воҳа ёшлари учун фахр ва ғурурга айланди.
Аҳамиятлиси, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови тарихида илк бор Сурхондарё вилояти вакили республика босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Ушбу тарихий ютуқ эвазига Фазилат Диёрова давлатимиз раҳбарининг совғаси – “BYD Chazor” электромобили билан тақдирланди.
[gallery-29630]
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танлови ғолибаси тантанали кутиб олинди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Ашуров вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди, ёшларнинг илмга интилиши, мутолаа маданиятини юксалтириш борасидаги ютуқларини эътироф этди.
Шунингдек, маросимда нуронийлар, фаол ёшлар, ижодкорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Фазилат Диёровани самимий қутлади. У эришган натижа бугунги ёшлар учун катта мотивация ва келажак сари дадил интилишнинг ёрқин намунаси эканлиги қайд этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА